“El-yurt umidi” jamg'armasining vatandoshlarga murojaati

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги

Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича

“Эл-юрт умиди” жамғармаси мурожаати

 

Ҳурматли Ватандош!

 

Сизга маълумки, бугунги кунда жонажон Ўзбекистонимиз ниҳоятда кенг қамровли ислоҳотлар, янгиланиш ва яратувчанлик даврида яшамоқда. Ўзбекистонда фуқаролик ва ҳуқуқий давлат қуришнинг, иқтисодиётни либераллаштириш ва мамлакатни модернизациялашнинг сифат жиҳатидан бутунлай янги даври бошланди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва раҳнамолигида ишлаб чиқилган ҳамда 2017 йил 7 февралда тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасини 2017-2021 йилларда ривожлантиришнинг Ҳаракатлар стратегияси” мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатида туб бурилиш ясади. Бу ҳужжат ҳаётимизни ҳаракатга келтирувчи энг муҳим манбага айланди.

Бугунги кунда Ўзбекистоннинг давлат сиёсатида илк бор Сиз каби ватандошлар билан доимий мулоқот ўрнатиш, Сизни мамлакатда бўлаётган жадал сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий ислоҳотларга кенг жалб этиш, Ватанига қайтишга ёки яқин ҳамкорликка тайёрлар учун қулай ва мустаҳкам замин яратиш, худди шунингдек, Сизнинг замонавий билимингиз, юқори малакангиз ва бой тажрибангиздан юртимизнинг равнақи йўлида самарали фойдаланиш учун тегишли шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

?лғор хорижий давлатларда самарали фаолият олиб бораётган ватандошлар билан мунтазам мулоқотни ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 сентябрдаги ПФ-5545-сонли “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” Фармони қабул қилинди. Мазкур Жамғарма бугунги кунда ўз фаолиятини бошлади.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 октябрдаги 3982-сонли “Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан “Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати Концепцияси” ҳамда “Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастури” тасдиқланди.

Юқорида қайд этилган ҳужжатларда хорижда истиқомат қилаётган қимматли тажриба ва бой салоҳиятга эга бўлган Сиз каби ватандошлар билан доимий мулоқот қилишнинг механизмлари, Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва модернизациялаш жараёнларига Сизни кенг жалб этиш борасида яратиладиган шарт-шароитлар мажмуи ишлаб чиқилди. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти ва ҳукуматининг қарорлари билан Сиз каби юқори малакали ва қимматли хорижий тажрибали мутахассисларни иқтисодиёт ва ижтимоий соҳа вазирлик, идора ва ташкилотларига турли лавозимларга таклиф этиш мақсадида қатор имтиёзлар, преференциялар ва шарт-шароитлар яратилмоқда. Бу маълумотлар Жамғарманинг, тегишли вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар вэбсайтларида эълон қилиниб борилмоқда.    

Юқоридаги ҳужжатлар, ҳеч муболағасиз, хорижда истиқомат қилаётган Сиз ватандошлар билан муносабатларнинг бугунги кунда давлат сиёсатида ўта муҳим аҳамият касб этаётганлигидан, Ўзбекистонда хориждаги ватандошларни жамият тараққиётининг жуда муҳим манбаи сифатида қаралаётганидан, бундан кейин Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрўи, нуфузи ва салоҳиятини янада мустаҳкамлашда ватандошлар билан мустаҳкам мулоқотга салмоқли ўрин берилаётганлигидан далолат беради. 

Сиздек замонавий билимли ва бош тажрибали ватандош билан мунтазам мулоқот яратишнинг асосий йўлларини биз қуйидагиларда кўряпмиз:

-            давлат бошқаруви, иқтисодиётнинг истиқболли тармоқлари, таълим, соғлиқни сақлаш ва келажак инновацияларини белгилаб берувчи таянч соҳаларда бошқарув ёки эксперт лавозимларида доимий (вақтинча, маслаҳатчи, консультант ва ҳ.к.) муддатга мўлжалланган самарали фаолият олиб боришингизга  муносиб шароит яратиш;

-            Сиздаги замонавий билим ва бой тажрибага асосланган ҳолда Ўзбекистон таълим, илмий-тадқиқот, тиббиёт, маданият ва санъат муассасалари, бошқа ижтимоий соҳа тармоқларида ҳамкорликда турли амалий инновацион лойиҳалар ишлаб чиқиш ва ҳаётга тадбиқ этиш, олий ўқув юртларида долзарб фанлар бўйича турли муддатларда маърузалар, тақдимотлар, семинарлар, амалий ва лаборатория машғулотлари ўтиш;

-            иқтисодиёт, бошқарув, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида инновацион мавзуларда, хусусан, ёшларни ижтимоий фаоллик ва яратувчанлик, замонавий билим олишга ва инновацион фикрлашга қизиқтириш борасида форумлар, конференциялар, семинарлар, мастер-класслар, онлайн тақдимотлар ва бошқа интерфаол мулоқотлар ташкил этиш;

-            Жамғарманинг, мутасадди давлат ва жамоат ташкилотларининг ёрдами ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашига таянган ҳолда, Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ва инновацион ривожланиши йўлида тижорий ёки ижтимоий мақсадларда амалий дастурлар ва лойиҳалар, хусусан, инвестиция ва инновация лойиҳаларини амалга ошириш;

-            Ўзбекистонда таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиётнинг истиқболли ва инновацион тармоқларининг ривожланиши йўлида, Ватанимизнинг халқаро обрўи, нуфузи ва салоҳиятини янада мустаҳкамлашга қаратилган бошқа ғоялар, ташаббуслар, лойиҳалар ва таклифларни Сиз билан ҳамкорликда ишлаб чиқиш ва бошқалар.

Ўзбекистонни ўз жонажон Ватани деб билган, Ватанини дунёнинг энг ривожланган ва самарали давлатлари қаторида кўриш учун ғайрат ва шижоатли бўлган, Ватанининг бундан кейин ҳам дунёдаги нуфузи ва обрўсини ошиб боришига хайриҳоҳ бўлган, хусусан, бу йўлда Ўзбекистон билан энг яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга тайёр турган ватандошлар билан ишлаш, уларнинг билим, малака ва тажрибасидан Ўзбекистоннинг ривожланиши, унинг халқаро обрўси ва имижини янада мустаҳкамлаш йўлида ҳамкорлик қилиш – бизнинг муҳим вазифамиз бўлиб қолади.

Замонавий билим, етук малака ва бой хорижий тажрибага эга бўлган азиз ватандош, “Эл-юрт умиди” жамғармаси Сизни жонажон Ўзбекистонимизнинг ижтимоий-иқтисодий равнақи ва халқаро нуфузини янада ошириш йўлида яқин ҳамкорликка чорлайди. Бу эзгу мақсад йўлида биз Сизнинг ҳар бир таклифингиз ва лойиҳангизни атрофлича ўрганишга, Сиз учун лозим бўладиган барча шарт-шароитларни яратишга тайёрмиз.

“Эл-юрт умиди” жамғармаси мазкур мурожаатда келтирилган йўналишларда Сизнинг фикр, мулоҳаза ва таклифларингизни кутиб қолади. Жамғарма фаолияти билан боғлиқ маълумотлар билан www.eyuf.uz саҳифаларида танишиб боринг.  

 

Умид қиламиз ва ишонамиз, Ўзбекистоннинг буюк келажагини

Сиз билан бирга қурамиз!

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net