Зулфия ижодига бағишланган мушоира кечаси ташкил этилди

28.02.2020 12:04

ТОШКЕНТ, 28 февраль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида буюк ўзбек шоираси Зулфия таввалудининг 105-йиллигига бағишланган адабий-бадиий кеча бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» мухбири қўмита матбуот хизматига манбасига таяниб.   

Тадбирда қўмита ва Ёзувчилар уюшмаси вакиллари, Алишер Навои номли Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ўқитувчи ва талабалари, журналистлар қатнашди.     

Адабий-бадиий кеча иштирокчилари Зулфия ?сроилованинг ўзбек ва жаҳон адабиётига қўшган улкан ҳиссаси ҳусусида ўз фикрларини билдирди.

- Ўзбек аёлининг  тимсоли бўлган Зулфияхонимнинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш ўсиб келаётган ёшларимизга ибрат бўлади, - дейди “Ёшлик” журнали бош муҳаррири, шоир Ф.Ҳайит. - Зулфияхонимнинг ҳаёти оғир кечкан. Лекин унинг ижодида бу ғам билан бирга инсоннинг инсонга садоқатини, аёлларнинг гўзал ҳаётга чорлашини кўрамиз. Ундаги сабр, ирода аёлларимизга бугун ҳам зарур бўлган фазилат эканини исбот этган шоирамиз.                   

Анжуманда мутахассислар томонидан Зулфия ижодининг серқирра жиҳатларига ҳам алоҳида урғу берилди. Тадбирнинг айнан баҳор фасли арафасида ўтказилаётгани ҳам бежиз бўлмади. Зеро Зулфия билан баҳор фасли ҳамнафас. Шоиранинг ижодида муҳаббат ва ҳижрон мотиви юксак даражада ифодаланган.

Адабий-бадиий кечада Зулфиянинг ўзбек миллий шеъриятига қўшган салмоқли ҳиссаси, сермаҳсул ижоди, ўзидан ёрқин ва бетакрор адабий мерос қолдиргани эътироф этилди.

Тадбирда  шоиранинг шеърларидан намуналар ўқилди, ёш ҳаваскорлар ижросида унинг шеърларига басталанган ва қўшиқлар янгради.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net