Юридик амалиётда халқаро тенденциялар муҳокама қилинди

30.01.2020 10:08

Тошкент, 30 январь, /Дунё АА/. Тошкентдаги «Hyatt Regency» меҳмонхонасида “Юридик амалиётда халқаро тенденциялар: инглиз умумий ҳуқуқини қўллаш” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Конференция Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Тошкент давлат юридик университети томонидан Буюк Британия Ҳуқуқшунослик университети (University of Law) ва Буюк Британиянинг мамлакатимиздаги элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди. Тадбирда етакчи ҳуқуқшунос олимлар, вазирлик ва идоралар мутахассислари, инглиз ҳуқуқи ва юридик таълим соҳасидаги миллий ва хорижий экспертлар, нуфузли халқаро компаниялар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Русланбек Давлетов сўзга чиқди.

Унинг таъкидлашича, мамлакатимиздаги ривожланишнинг ҳозирги босқичида миллий ҳуқуқ тизимида халқаро тенденцияларни қўллаш механизмларини такомиллаштириш ва уларни юридик амалиётда самарали қўллаш лозим.

Буюк Британия Ҳуқуқшунослик университети (University of Law) ректори Андреа Ноллент, Адлия вазири ўринбосари – Тошкент давлат юридик университети ректори – Раҳим Ҳакимов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси бошлиғи – Евгений Коленко ва бошқалар юридик амалиётни такомиллаштириш, аввало, етук юридик кадрларни тайёрлаш билан боғлиқ экани, юридик таълим соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар олиб бориш зарурлигини қайд этди.

Тадбир давомида инглиз ҳуқуқи соҳасида фаолият юритувчи амалиётчи-ҳуқуқшунослар билан тажриба ва фикр алмашилди.

Конференцияда, шунингдек, Ўзбекистонда юридик таълимни ривожлантиришда амалга оширилган ишлар, юридик таълимга нисбатан қарашларнинг ўзгариб бориш тенденциялари, таълимни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Мамлакатимизда Халқаро ҳуқуқ университетини ташкил этиш, инглиз ҳуқуқини чуқурроқ ўрганишни таъминлаш, инглиз ҳуқуқи ижобий тажрибаларини миллий ҳуқуқ тизимига татбиқ этиш, халқаро стандартларнинг мамлакатимизга кириб келиши ва юридик таълим сифатини ошириш имкониятини яратиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Конференция якунида Ўзбекистон ҳудудида инглиз умумий ҳуқуқи тамойилларини эътиборга олган ҳолда, юридик таълим ва юридик амалиёт бўйича истиқболли режа ҳамда таклифлар ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net