Ёш киноижодкорларга фильмлар суратга олиш учун грантлар тақдим этилди

10.05.2021 11:12

ТОШКЕНТ, 10 май. /«Дунё» АА/.  «Янги Ўзбекистон. Янги нигоҳ» медиа-ҳафталиги доирасида танлаб олинган ёш киноижодкорларга фильмлар яратиш учун грантлар тақдим этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

 Туризм ва спорт вазирлиги маълум қилишича, ёш киноижодкорларга грант топшириш маросида Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари - туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов ва Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов иштирок этди.

«Бугунги кунда давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан қабул қилинган «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» давлат дастури доирасида кенг қамровли ишлар қилинмоқда, хусусан, ёш авлоднинг билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган янги лойиҳалар амалга оширилмоқда, - деди Азиз Абдухакимов.- Жумладан, яқинда Президентимиз томонидан имзоланган фармон ва қарорларда миллий кинематографияни ривожлантириш, соҳага кириб келаётган ёшларга ҳар тарафлама эътибор қаратиш юзасидан қатор мақсад ва вазифалар белгилаб берилган. Хусусан, кино санъати ва саноати вакилларининг муаллифлик ҳуқуқларини жамоавий асосда бошқарадиган Ўзбекистон кино саноати вакиллари уюшмасини ташкил этиш, олий таълим муассасаларининг кинематография йўналишида таълим олаётган талабаларини қўллаб-қувватлаш учун Худойберган Девонов номидаги давлат стипендиясини таъсис этиш, «Олтин хумо» миллий кино мукофоти тақдимотини ҳар йили анъанавий равишда ўтказиб бориш, Агентлик ва Ўзбекистон кино саноати вакиллари уюшмаси муассислигида Миллий кинематографияни ривожлантириш марказини тузиш шулар жумласидандир. Буларнинг барчаси, энг аввало, ёшларимизнинг медиа ва кинематографияга қизиқиш ва интилишларларини қўллаб-қувватлашга қаратилган».

Ўзбекистон кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов ҳам соҳага бўлган юксак эътиборни алоҳида эътироф этиб ўтди: «Ўтган йил декабрь ойида ушбу лойиҳа ҳақида эълон қилган эдик. Алоҳида комиссия тузилиб, энг яхшилари сараланиб, мана бугун улар тақдирланмоқда. Бугун ютқазганлар йўқ, зеро Президентимиз ва ҳукумат томонидан кинематография соҳасига бўлган эътибор ҳамда бу йўналишда имзоланаётган ҳужжатлар барча киноижодкорларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган”.

Тадбир доирасида ёш кинорежиссёр Маҳлиё Асқаралиеванинг «Галдир» (“Лола, қуёш ва мен”) қисқа метражли фильмининг премьераси бўлиб ўтди.  Мазкур фильм Агентлик буюртмасига биноан Ёшлар ижодий-тажриба студияси томонидан суратга олинган. Кинокартина психологик драма жанрида бўлиб, Офтоб исмли дизайнер қизнинг ҳаётида юз берган воқеалар ҳақида ҳикоя қилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net