Япониянинг Нагоя шаҳрида Тошкентнинг туризм салоҳияти тақдимоти ўтказилди

22.12.2021 14:04

ТОК?О, 22 декабрь. /“Дунё” АА/. Нагоя халқаро марказида шаҳар мэрияси ва “H.I.S.” сайёҳлик компанияси билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти, хусусан, Тошкент шаҳри ва Нагоя билан ҳамкорлигига бағишланган тақдимот ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Гибрид шаклида уюштирилган тадбирда Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси, Нагоя мэрияси ва сайёҳлик компанияси вакиллари томонидан тақдимотлар ўтказилди.

Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидан гид-таржимонлар онлайн шаклда Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ва Тошкент шаҳрининг кўзга кўринган масканлари тўғрисида шаҳарга саёҳат қилган ҳолда сўзлаб берди.

Тадбир доирасида Тошкент шаҳри томонидан икки шаҳар ҳамкорлиги акс этган махсус безатилган автобуснинг тақдимоти ҳам ўтказилди. Жорий йил декабрдан Тошкент шаҳрида қатновчи 20 та автобусни “Тошкент ва Нагоя ҳамкор шаҳарлар” ёзуви ва расмлари билан безатилганлиги ҳақида маълумот берилди.

Шунингдек, тақдимотда Тошкент ва Нагоя шаҳарлари ўртасида туризм ва маданият йўналишида иккила шаҳарни тарғиб қилишга қаратилган ишлар билан иштирокчилар таништирилди.

Ўзбекистон тақдимоти иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди ва қизиқтирган саволларга жавоблар берилди. Пандемия билан боғлиқ вазият яхшилангандан сўнг Ўзбекистонга ташриф буюришга чорланди.

Тадбирда Ўзбекистон ҳунармандчилик буюмларидан иборат миллий стенд ташкил қилиниб, юртимиз салоҳияти ва Тошкент шаҳри ҳақидаги материаллар ҳамда “I.M. Corporation” компанияси томонидан импорт қилинган қуруқ мевалардан фойдаланилган ҳолда тайёрланган ширинликлар тарқатилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net