Янги Ўзбекистоннинг 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси лойиҳаси ишлаб чиқилди

01.01.2022 10:56

ТОШКЕНТ, 1 январь. /«Дунё» АА/. Адлия вазирлиги томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда «Янги Ўзбекистоннинг 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Президентининг Фармони лойиҳаси ишлаб чиқилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири вазирлик манбасига асосланиб.

 Ушбу лойиҳа билан Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича миллий комиссия таркиби ҳамда «Йўл харитаси» тасдиқланмоқда.

Фармон лойиҳасида муҳим аҳамиятга эга бўлган қуйидаги тадбирларни келгуси йилларда амалга ошириш режалаштирилмоқда:

-пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорини ўн баробардан ўн икки баробаригача ошириш;

-ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга фуқаролик ва маъмурий ишлар бўйича давлат ҳисобидан бепул юридик ёрдам кўрсатиш тартибини жорий этиш;

-пенсия ҳисоблашда болани парваришлаш таътилида бўлиш вақтини иш стажига қўшиб ҳисобланадиган 3 йиллик даврни 6 йилга ошириш;

-ногиронлиги бўлган болаларга 18 ёшгача қаралган даврни пенсия тайинлашда иш стажига қўшиб ҳисоблаш;

-Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида биринчи-тўртинчи синф ўқувчиларини Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бепул овқат (нонушта ёки тушлик) билан таъминлаш;

-иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусий сектор учун кенг йўл очиш мақсадида эксклюзив ҳуқуқларни бекор қилиш ва давлат иштирокидаги компанияларни хусусийлаштириш ҳисобига 25 дан ортиқ фаолият тури бўйича монополияларни тугатиш;

-нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларга фарзандларини юбораётган ота-оналарнинг 3 миллион сўмгача бўлган тўловларини даромад солиғидан озод этиш ва бошқалар.

Шунингдек, Тараққиёт стратегиясида еттита устувор йўналишлар илгари сурилмоқда.

Булар:

-инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш;

-мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш;

-миллий иқтисодиётни ривожлантириш, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида таъминлаш;

-адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш;

-маънавий тараққиётни таъминлаш, ушбу соҳани тубдан ислоҳ этиш ва янги босқичга олиб чиқиш;

-умумбашарий муаммоларга миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда ечим топиш;

-мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ ва прагматик, фаол ташқи сиёсат олиб бориш.

Фармоннинг қабул қилиниши натижасида келгуси йилларда еттита устувор йўналишлар бўйича вазифалар белгилаб олинади ва халқимиз фаравонлиги, юртимиз равнақи йўлида амалга ошириладиган ислоҳотлар кенг кўламда давом эттирилади.

Фармон лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси  порталига жамоатчилик муҳокамаси ўтказилиши учун жойлаштирилди. Ушбу лойиҳа юзасидан фикр-мулоҳаза ва таклифларингизни кутиб қоламиз, дейилади манбада.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net