Хориждаги ватандошлар кўрсатилаётган хизмат ва эътибордан мамнунликларини билдирмоқда

24.08.2020 10:59

ТОК?О, 24 август. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизда сўнгги йилларда барча йўналишларда инсон манфаатларини таъминлаш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, хорижда меҳнат қилаётган ва таҳсил олаётган юртдошларимизни ижтимоий, ҳуқуқий, моддий ва маданий қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Буни бугун хорижда яшаб, таълим ва меҳнат лойиҳаларида иштирок этаётган юртдошларимиз ҳам алоҳида таъкидламоқда. Жумладан, Япониядаги ўзбекистонлик талаба-ёшлар “Дунё” АА мухбирига интервью бериб, мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари томонидан улар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида қуйидагиларни қайд этди.

Нўъмонов Маҳмуджон, Япониядаги Сеймон Гаккоу мактаби ўқувчиси:

– Япон тили бўйича билимимни мустаҳкамлаш мақсадида 2018 йил Японияга келдим. Айни пайтда бизнесга йўналтирилган махсус Сеймон Гаккоу мактабида таҳсилни бошладим. Япония ҳукумати томонидан чет эллик талабалар яшаши учун 1 йил муддатга виза берилади. Таҳсил бир йилдан ортиқ давом этадиган бўлса, виза муддати тугаши арафасида уни узайтириш учун мамлакатингиз элчихонасидан қатор зарур ҳужжатларни олишингиз талаб этилади. Бу йил мен ҳам мазкур жараён билан такрор тўқнашдим. Қувонарлиси бунинг учун атиги 5 дақиқа вақт талаб этилди. Қайд этиш керак, консуллик хизматлари фаолиятининг янада яхшиланиши биз, Ўзбекистон фуқаролари, барча талабалар учун айни муддао. Кўрсатилаётган хизматлар учун элчихона вакилларига ўз миннатдорлигимни билдираман.

Миржалол Мингбоев, Япониянинг Нагоя иқтисодиёт университети талабаси:

– 2015 йилдан буён Японияда ўқиб, истиқомат қилиб келяпман. Ҳозирги кунда Япониянинг Нагоя иқтисодиёт университетида 4 босқичда таҳсил оляпман. Ушбу муддат давомида мамлакатимиз элчихонаси билан доимий алоқада бўлиб турибман.

Ҳозирги пандемия шароитида Японияда тиббий ниқоб ва антисептик воситалар танқислиги кузатилмоқда. Мазкур шароитда элчихонамиз вакиллари мунтазам ҳолимиздан хабар олиб, зарур тиббий ва гигиеник воситаларни турар жойимизгача етказиб бермоқда. Элчихонамиз вакиллари зарур ҳолларда биз ёшлар учун керак бўладиган юридик ҳужжатларни ўз вақтида тайёрлаб беряпти.

Япония табиатан зилзила, сув тошқинлари каби табиий офатлар содир бўладиган сейсмик фаол нуқтада жойлашган. Кўнгилсиз вазиятларнинг олдини олиш мақсадида элчихона вакиллари ўзбекистонлик ёшлар билан доимий алоқада бўлиб туришади.

Фурсатдан фойдаланиб, мамлакатимиз, хусусан, Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонасининг барча жонкуяр ходимларига бизга кўрсатилаётган ғамхўрлик учун ўз ташаккуримни изҳор қиламан.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net