Хитой етакчи ОАВлари Ўзбекистонда коронавирусга қарши кураш чоралари ҳақида

29.04.2020 14:12

ПЕК?Н, 29 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 27 апрель куни қабул қилган “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони, унинг аҳамияти ҳақида Хитой оммавий ахборот воситаларида туркум материаллар эълон қилиняпти, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Шуҳрат Умиров.

Ушбу муҳим ҳужжат аҳамияти ҳақида Хитой етакчи нашрларидан бири “Жэньминь Жибао” газетасининг интернет тармоғидаги веб-саҳифасида “Ўзбекистонда COVID-19 эпидемияси даврида аҳоли ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинмоқда” сарлавҳали мақола чоп этилди.

Унда ҳужжат ижроси доирасида мамлакатда беғараз берилган пул маблағлари ва товарлар, шунингдек, хайрия жамғармаларига ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига кўрсатиладиган хизматлар учун фойда солиғи чегириладиган харажатлар сифатида қаралиши алоҳида қайд этилган.

Шунингдек, Хитой халқаро радиоси ҳам ушбу мавзуга мурожаат қилди. Халқаро радио давлатимиз раҳбари имзолаган фармон мазмун-моҳияти ҳақида ўз тингловчиларига маълумот тақдим қилди. Унда муҳим ҳужжатга биноан жисмоний шахслар ва тадбиркорлик субъектларига қатор имтиёз ва преференциялар тақдим этилгани айтилади.

“Масалан, 2020 йил 1 апрелдан 1 октябрга қадар жисмоний шахслардан олинадиган даромадлар бўйича солиқни фоизсиз кечиктириб тўлаш ҳуқуқи берилади. Бунда, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлаш бўйича берилган кечиктириш суммаси 2021 йил 1 апрелга қадар тенг улушларда тўланиши лозимлиги белгилаб қўйилган”, дея таъкидлайди Хитой халқаро радиоси.

Шунингдек, Чин юрти радиоси жорий йил март ойида Ўзбекистонда COVID-19 пандемиясининг салбий таъсирини юмшатиш мақсадида учун 1 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги маблағга эга ?нқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил қилинганини эслатиб ўтади.

“Синьхуа” ахборот агентлиги ҳам ўз ресурслари орқали мамлакатимизда рўй бераётган муҳим ўзгариш ва янгиланишлар ҳақида тезкор ахборот тарқатиб келмоқда. Хусусан, ахборот агентлиги Цзянси провинцияси шифокор ва мутахассислари бирлашган гуруҳининг Ўзбекистонда бўлиб, COVID-19 эпидемиясига қарши кураш бўйича ўтказган учрашув ва мулоқотлари, ўзаро тажриба алмашинувлари ҳақида батафсил ахборот узатиб келди.

“Эпидемиолог, юқумли касалликлар шифокорлари, пульмонолог, невропатолог, терапевт ва жарроҳлардан иборат ушбу гуруҳ аъзолари 10 кун давомида Ўзбекистоннинг эпидемиядан энг кўп жабр кўрган минтақаларида бўлиб, касалликдан даволаш, беморларни парвариш қилиш бўйича фикр алмашди, зарур тавсиялар берди”, дейилади мақолалардан бирида.

“Дунё” АА,

Пекин

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net