Халқаро меҳнат ташкилоти: Ўзбекистон 2020 йилда пахта йиғим-терими мавсуми давомида болалар меҳнатидан умуман фойдаланмаган

28.01.2021 11:42

ТОШКЕНТ, 28 январь. /«Дунё» АА/.  Кеча Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси томонидан Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда «Муносиб меҳнат орқали барқарор ривожланиш сари» мавзусида видеоконференцалоқа шаклида “давра суҳбати” ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Сенат ахборот хизмати маълум қилишича, тадбирда Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева, Халқаро меҳнат ташкилоти Бош директорининг ёрдамчиси Х.Коллер, вазирлик ва идоралар раҳбарлари чиқиш қилди.

“Давра суҳбати”да Ўзбекистонда аҳоли бандлигини таъминлаш, барқарор ва муносиб иш ўринларини яратишга қаратилган миллий бандлик дастурлари доирасида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги устувор вазифалар, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, муносиб ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш ҳамда Давлат меҳнат инспекциясини институционал ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбир давомида иштирокчилар мамлакатимизда пандемия шароитида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган тизимли ишлар, иқтисодиётни барқарор ривожлантириш борасида кўрилаётган чоралар ҳақида хабардор қилинди.

Шу билан бирга, Ўзбекистонда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш юзасидан кўрилаётган чораларнинг самарадорлиги, шунингдек, ХМТ томонидан 2020 йилда пахта-йиғим терими мавсуми давомида ўтказилган “Учинчи томон мониторинги” натижалари ҳам муҳокама қилинди.

Халқаро меҳнат ташкилоти экспертлари Ўзбекистон 2020 йилда ҳам пахта йиғим-терими мавсуми давомида тизимли болалар меҳнатидан умуман фойдаланмаётганлиги тўғрисидаги хулосаларида қатъий қолишини, мажбурий меҳнатнинг бутунлай бартараф этилишида сезиларли натижаларга эришилганлиги ҳамда фуқароларни мажбурий меҳнатга тизимли жалб этиш ҳолатлари қайд этилмаганлигини билдирдилар.

Шу билан бирга, 2020 йилда мамлакатимизда мажбурий меҳнатнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар халқаро ҳамжамият, хусусан, Жахон банки, Европа иттифоқи, «Коттон кампейн» халқаро коалицияси, «Хьюман Райтс Вотч» халқаро нодавлат ташкилоти вакиллари, АҚШ, Германия ва Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчилари томонидан юқори баҳоланди.

“Давра суҳбати” давомида экспертлар томонидан мамлакатимизда ушбу йўналишда амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар билан бирга фаолиятни янада такомиллаштириш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Шунингдек, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатни бутунлай бартараф этиш мақсадида Халқаро меҳнат ташкилоти ва тегишли халқаро ташкилотлар, хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналари билан яқин ҳамкорликни давом эттириш, анжуман давомида билдирилган таклиф ва тавсияларни амалиётга татбиқ этиш бўйича тегишли чора-тадбирларни ишлаб чиқишга келишилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net