Халқ дипломатиясини амалга оширишда хотин-қизларнинг ўрни мустаҳкамланмоқда

08.08.2020 11:30

ТОШКЕНТ, 8 август. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига биноан икки йил муқаддам Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Халқ дипломатияси маркази ташкил этилиб, юртимиз ижтимоий ҳаётида янги бир йўналишга йўл очиб берилди.

Марказнинг асосий вазифаларидан бири Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо  мамлакатларнинг фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан, хотин-қизлар ташкилотлари ўртасида дўстона ҳамкорлик муҳитини қарор топтириш учун шарт-шароитлар яратиш ҳисобланади.

Хотин-қизлар ташкилотлари билан ҳамкорликни ташкил этишда, умуман, халқ дипломатияси функцияларини амалга оширишда гендер тенглиги қоидаларига риоя этиш муҳимдир.

Хўш, ушбу масалаларни ҳал этишда қайси қонун ҳужжатларига кўпроқ эътибор қаратилиши лозим?

Энг аввало, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлиги аниқ белгилаб берилган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддасини дастуриламал қилиб олиш керак. Ушбу моддага биноан, Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролари бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар, қонун олдида тенгдирлар.

Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонуни юртимизда гендер тенглигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ушбу қонуннинг 3-моддасига кўра, гендер - хотин-қизлар ва эркаклар ўртасидаги муносабатларнинг жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида, шу жумладан сиёсат, иқтисодиёт, ҳуқуқ, мафкура ва маданият, таълим ҳамда илм-фан соҳаларида намоён бўладиган ижтимоий жиҳатидир.

Қонуннинг 15-моддаси фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги иштироки, деб номланган.

Гендер тенглиги ҳақида гап кетганда, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 70 ва 91-моддаларида белгиланган нормалар ҳам эътиборга моликдир. Кодекснинг ушбу моддаларида Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайловнинг ўзига хос хусусиятларидан бири сифатида хотин-қизларнинг сони сиёсий партиядан кўрсатилган депутатликка номзодлар умумий сонининг камида ўттиз фоизини ташкил этиши керак деб белгиланганидир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 24 январдаги Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида жойлардаги ижтимоий муаммоларни ҳал этишда аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга устувор аҳамият берилиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож опа-сингилларимизни Хотин-қизлар тадбиркорлик марказларида 5 та муҳим ташаббус доирасида қисқа ўқув курсларида ўқитиш ташкил этиш вазифаси берилди.

Тарихимизда илк бора 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлаш тизимини жорий қилиш замирида ҳам аслида гендер тенглиги масаласи турибди. Негаки, мазкур масалаларнинг ижобий ҳал этилиши ушбу болалар тарбияси билан банд бўлган оналарнинг вақт нуқтаи назаридан эркинроқ бўлишини таъминлайди.

?лк бора аёл киши раислик этаётган Олий Мажлис Сенати мажлисида Ўзбекистон Республикасининг ?сроил давлатига Фавқулодда ва Мухтор элчиси лавозимига Феруза Маҳмудованинг тайинланиши ҳам гендер тенглигининг яққол белгиларидир.

 Сиёсат майдонидаги бундай нуфузли ва масъулиятли лавозимга ўзбек аёлининг лойиқ топилгани мамлакатимизда хотин-қизларга бўлган юксак ишонч ва эътироф намунасидир.

Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси Маркази ташкил этаётган тадбирларда ҳам хотин-қизлар иштирокига алоҳида эътибор берилмоқда.

Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси мустқиллигининг 28 йиллик байрами муносабати билан Санкт-Петербург шаҳрида ўтказилган тадбирда юртимиз номидан иштирок этган халқ вакилларининг ярми хотин-қизлардан иборат бўлгани ва делегацияга Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Г.Маруфова раҳбарлик қилганини қайд этиш лозим.

Айни пайтда Халқ дипломатияси маркази ҳузурида фаолият бошлаган ?жодий гуруҳ таркибига ижтимоий ва халқаро муносабатларда фаол иштирок этаётган аёлларни жалб этишга эътибор қаратилган.

Шунингдек, Чжэн Вэй хоним Бош котиб вазифасида раҳбарлик килаётган  Хитойнинг ШҲТдаги яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик қўмитаси билан ҳамкорликда халқ дипломатиясида хотин-қизлар фаоллигидан фойдаланишга оид халқаро семинар ташкил этиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Умид қиламизки, халқлар ўртасидаги дўстликни тараннум этишга йўналтирилган халқ дипломатиясини мустаҳкамлашда ўзбек аёллари ҳам муносиб ютуқларга эришади.

 

А.Ҳусаинов,

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти

 Халқ дипломатияси маркази ҳуқуқшуноси

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net