Халқ дипломатияси—ҳайрли ҳаракатлар сиёсати

13.01.2021 11:30

ТОШКЕНТ, 13 январь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Президентининг қарори билан 2018 йилда ташкил этилган Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази ушбу ташкилот мамлакатлари ўртасида ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликни, миллатлараро ва динлараро тотувликни мустаҳкамлашга, цивилизациялараро мулоқотни кучайтиришга кўмаклашмоқда.

«Дунё» АА мухбири марказ раҳбари Қобилжон Собиров билан ўтган йиллар давомида ШҲТ доирасида халқ дипломатиясини тарғиб этиш ва марказ фаолияти хусусида суҳбатлашди.

— Бугунги кунда халқаро муаммоларни ҳал этишда халқ дипломатияси тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Аслида, уни кичик хайрли ҳаракатлар сиёсати дейиш мумкин.

Бу сиёсатда асосий эътибор давлат тузилмалари ва мансабдор шахсларга эмас, балки ҳамкорликни кенгайтириш имкониятига эга жамоат ташкилотларига қаратилади.

Умуман, халқ дипломатияси – маданият ва анъаналарни яхшироқ тушуниш учун халқлар ўртасидаги муносабатларни чуқурлаштиришга, шунингдек, ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга интилаётган турли халқлар ва ташкилотларнинг оддий ва бевосита мулоқотидир.

Бундай дипломатияда мансабдор шахсларни эмас, балки сиёсатга боғлиқ бўлмаган халқ вакиллари – олимлар ва рассомлар, маданият ва дин арбоблари, ишбилармонлар ва ёшлар, туризм ва спорт ташкилотлари, оддий одамлар иштирок этадилар. Шу билан бирга, фуқаролик жамиятининг мустақил ва норасмий вакиллари сифатида, улар халқаро миқёсдаги турли форумларда, ҳатто низоларни ҳал этиш бўйича музокараларда ҳам давлат номидан воситачи сифатида иштирок этишлари мумкин.

Ана шундай муассасалардан бири бўлган ШҲТнинг Тошкентдаги Халқ дипломатияси маркази, Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан аъзо давлатлар ўртасидаги ишонч ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган.

Унинг таъсис этилиши бир вақтнинг ўзида бир неча омилларга боғлиқ бўлган. ШҲТ нисбатан қисқа давр ичида халқаро муносабатларда муҳим рол ўйнаётган нуфузли ташкилотга айланди. Ҳозирги кунда бутун ташкилот, шу жумладан аъзо давлатлар, кузатувчилар ва мулоқот ҳамкорлари 18 мамлакатни бирлаштиради.

Марказнинг асосий мақсади – мулоқотни янада чуқурлаштириш, ШҲТ мамлакатлари ва уларнинг халқларини бир-бирига янада яқинлаштиришга кўмаклашишдан иборат. Бу мақсадга эришиш йўлида қўшма лойиҳалар ва турли тадбирларни амалга ошириш орқали ташкилотга аъзо мамлакатлар халқларининг бой тарихий-маданий мероси, кўп асрлик анъаналарини ўзаро билишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, шу пайтгача Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлатларида халқ дипломатиясини ривожлантириш бўйича кўрилаётган тадбирлар унинг худудидаги халқлар учун бир-бирининг урф-одатлари, маданияти ва турмуш тарзини ўрганиш учун етарли бўлмаган.

Шу боис, Ўзбекистонда халқ дипломатияси марказининг ташкил этилиши, ўта муҳим ва ўз вақтида амалга оширилган тадбир бўлди.

Марказ ташкил этилган даврдан бошлаб ўз фаолиятини «Шанхай руҳи» тамоилларини фаол тарғиб қилишга қаратди.

«Шанхай руҳи» асосида ўзаро ишонч, ўзаро манфаат, тенглик, ўзаро маслаҳатлашув, маданиятлар хилма-хиллигига нисбатан ҳурмат, биргаликда ривожланишга интилиш каби тушунчалар ётади. Унинг мантиқий асосларига киритилган ҳар бир концепция чуқур маънога эга. Ўзаро ишонч, ўзаро манфаат, тенглик ва ўзаро маслаҳатлашувлар – «янги хавфсизлик модели» асосини ташкил этади.

«Шанхай руҳи» замонавий воқеликларга тўла мос келади ва ШҲТга аъзо давлатларнинг жаҳон тартиботининг асосий масалалари бўйича жамоавий позициясини акс эттиради. Ушбу моделда бирор-бир давлат хавфсизлигини минтақа ва ҳатто бутун дунё хавфсизлигидан ажратиб бўлмайди.

Янги модел ўзаро боғлиқликнинг юқори даражасига эга бўлган жаҳон тизимини шакллантириш шароитида индивидуал давлат хавфсизлиги аста-секин умуминсоний хавфсизликка яқинлашиб, халқаро ва глобал даражага эга бўлишидан келиб чиқади. Шу билан бирга, бизнинг давримиздаги инсонлар дуч келадиган муаммоларнинг аксарияти трансчегаравий характерга эга. Масалан, молиявий ва энергетик инқирозлар, атроф-муҳитнинг ифлосланиши, терроризм ва юқумли касалликлар тарқалиши. Уларни халқаро ҳамжамият аъзоларининг қарама-қаршиликлари билан эмас, балки кўп томонлама ҳамкорлик орқали ҳал қилиш мумкин.

Ўзаро ишонч ва тенглик «Шанхай руҳи» назариясининг ажралмас элементлари сифатида халқаро муносабатларнинг янги моделининг жамланган ифодасига айланди.

Халқаро муносабатларнинг янги концепцияси унинг иштирокчиларининг ўз зиммаларига олган мажбуриятларга содиқлигига асосланади. Унинг ўзига хос хусусияти - бу давлатлараро низоларни тинч йўл билан ҳал қилиш ва қуролли босим ўтказишга йўл қўймасликдир.

ШҲТнинг шаклланиши дастлаб мамлакатларимиз ва халқларимизнинг тинчлик ва барқарорлик таҳдидларига қарши курашиш билан бирга манфаатли минтақавий ҳамкорлик қилиш истагига боғлиқ бўлган. Бошқача айтганда, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти – ўз аъзоларининг замонамиздаги муаммоларга нисбатан жамоавий жавобидир. Бугун биз ҳамкорликда амалга оширилаётган чора-тадбирлар туфайли ШҲТ макони йирик халқаро можаролардан мустасно ҳудуд деб бемалол таъкидлай оламиз.

Дунёда содир бўлаётган воқеа ва ходисалар халқларнинг бир-бирига яқинлашишини тақозо этяпти. Аёнки, бунга маданий-гуманитар алоқаларни, олимлар, мутахассислар, жамоат ташкилотлари ва оддий кишилар ўртасида мулоқот ўрнатмай туриб эришиб бўлмайди. Бунинг учун турли фестиваллар, ярмаркалар, кўргазмалар, таҳлилий марказлар ва таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳим.

Ўзбекистон Президенти ШҲТ фаолиятидаги муваффақиятларнинг асосий кафолати халқлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш, давлатлар ўртасидаги ўзаро тушунишни чуқурлаштириш, ўзаро манфаатларни инобатга олиш, тўла тенглик эканини бир неча бор таъкидлаган. Бу мақсадларга эришишнинг энг осон йўли эса халқ дипломатиясидир.

 

«Дунё» АА

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net