«World Craft Council –APR» Ўзбекистон ҳунармандларига маблағ ажратди

16.06.2020 12:52

ТОШКЕНТ, 16 июнь. /«Дунё» АА/. Жаҳон ҳунармандлар кенгаши Осиё ва Тинч океани минтақаси ташкилоти (WCC – APR) жорий йилнинг апрелида Бухоро вилоятининг Қоракўл ва Олот туманларида юз берган табиий офатда, шунингдек, Сардоба сув омборида рўй берган фавқулодда ҳодиса сабаб зарар кўрган ҳунармандларга кўмак бериш мақсадида маблағ ажратди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири «Ҳунарманд» уюшмаси манбасига асосланиб.

Маблағ табиий офат ва сув тошқини ҳодисаси сабаб устахоналар ва уйларга етган зарарни қоплашга йўналтирилади.

Айни вақтда «Ҳунарманд» уюшмаси ушбу ҳудудларда талафот кўрган ҳунармандлар рўйхатини шакллантирди. Жумладан, Бухоро ва Навоий вилоятларидан ҳунармандларнинг уйи ва устахонасига қисман ёки катта миқдорда зарар етгани аниқланди.

– Сирдарё вилоятининг Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларида 120 нафар ҳунарманд фаолият юритади, – дейди вилоят «Ҳунарманд» уюшмаси бошқарма бошлиғи Музаффар Раҳматов. – Сардоба сув омборида рўй берган фавқулодда ҳодиса оқибатида қатор ҳунармандлар зарар кўргани аниқланди. Уларнинг асосий қисми тошга ишлов бериш, тикувчилик, ёғоч ўймакорлиги, каштачилик билан шуғулланади. Уларга берилган кўмак қийинчилик пайтида ўз фаолиятларини давом эттиришларига кўмак ва руҳий далда бўлади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон «Ҳунарманд» уюшмаси ўтган йили WCC-APR ташкилотига аъзо бўлган эди. 1964 йилда Бельгияда нодавлат-нотижорат ташкилот сифатида ташкил этилган халқаро тузилма бой маданий меросни асраб-авайлаш, ривожлантириш учун семинарлар, конференциялар ва кўргазмалар ўтказиш орқали дунё ҳунармандларини қўллаб-қувватлайди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net