Вобкентда намунавий туризм қишлоғи барпо этилмоқда

24.04.2020 21:10

БУХОРО, 24 апрель. /«Дунё» АА/. Бухоро вилоятининг Вобкент тумани Ширин қишлоғида намунавий типдаги туризм қишлоғини ташкил этиш ишлари бошланди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири вилоят ҳокимлиги манбасига асосланиб.

Вобкент тумани Бухоро вилоятининг сайёҳлик салоҳияти бой ҳудудларидан бири ҳисобланиб, у Бухоро шаҳридан 20 километр узоқликда, М-37 халқаро магистрал йўли бўйида жойлашган. Айни кунларда вилоят ҳокими ўринбосари Ботиржон Шаҳриёров бошчилигидаги ишчи гуруҳ вилоятнинг туризм салоҳияти юқори бўлган ҳудудларга ташриф буюриб, хорижий ва маҳаллий сайёҳларга кўрсатиладиган ноанъанавий туризм хизмат турларини кўпайтириш ҳамда уларнинг сифатини янада яхшилаш йўлида амалга оширилаётган ишларни кўздан кечирмоқда.

Таъкидлаш жоиз, Ширин қишлоғи тахминан 1 минг 500 йиллик тарихга эга бўлиб, унинг номи 92 ўзбек уруғи номидан келиб чиққан. Эътиборли жиҳати шундаки, қишлоқ аҳлининг ўзига хос тарихи, қадимий иншоотлари ва миллий урф-одатлари ҳозирги кунга қадар сақланган. 

Этник туризм кластерини ташкил этишда қишлоқда шўрданак, қуруқ мева, миллий ширинликлар, полиз экинлари ва ҳунармандчилик буюмларини тайёрлаш жараёнининг авлоддан-авлодга ўтиб келиши каби қадриятлар муҳим аҳамият касб этади.

Чет элдан келадиган сайёҳлар учун қишлоқ турмуш тарзини намойиш этиш бўйича қатор имкониятлар мавжуд. Масъуллар зиммасига намунавий типдаги этнотуризм маркази, қўшимча туристик хизматларни ташкил этиш ва ушбу туризм қишлоғи бўйича 1-3 кунлик туристик пакет ишлаб чиқиш топшириқлари юкланиб, тузилган режага биноан зарурий тавсиялар берилди. 

Ҳозирги кунда Ширин қишлоғини туризм манзилига айлантириш мақсадида йўллар ва йўл бўйи туризм инфратузилма объектлари таъмирланиб, газ ва электр тармоқлари қайта таъмирланиб, ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Шу билан бирга, ҳудудда 20 та оилавий меҳмонхона уйи фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган. Бугунги кунга қадар 10 га яқин маҳаллий ташаббускорнинг оилавий меҳмонхона уйи ташкил этиш тўғрисидаги аризалари қабул қилинди. 

Бундан ташқари, Ширин туризм мажмуаси маиший хизмат уйини қуриш ишлари ҳам карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда олиб борилмоқда. Яқин келажакда ушбу туризм маскани Бухоро вилоятига ташриф буюрувчи маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун севимли манзилига айланади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net