VI Халқаро армия ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди

24.08.2020 10:57

ТОШКЕНТ, 24 август. /«Дунё» АА/. Москва вилоятида жойлашган Патриот паркида VI Халқаро армия ўйинларининг очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги манбасига асосланиб.

Унда юртимиз номидан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги офицерлари ҳамда мусобақаларга иштирок этаётган ҳарбий хизматчиларнинг бир гуруҳи иштирок этди.

Очилиш маросимидан сўнг иштирокчилар Ҳарбий техник форумдан ўрин олган жанговар техникалар билан танишдилар. “Дўстлик уйи”да бўлиб ўтган кўргазмали намойишда эса барча иштирокчи давлатлар қаторида бой маданий меросимиз, маданият ва санъатимиз, миллий либослар ва ҳунармандчилик буюмларимиз аксарият меҳмонлар диққат марказида бўлди.

“Дала ошхонаси” йўналишида мусобақалашаётган давлатлар миллий таомлари намойиши ҳам кўпчиликнинг ёдида қоладиган бўлди. Бир чеккадан бошлаган томошабин охирига етгунча бир-бирига ўхшамайдиган таомлардан татиб кўради. Биргаликда суратларга тушиб, қувончларини бўлишади. Айниқса, ўзбек паловига навбатда турганлар кўп бўлди. Алабино полигони юртимизда ўтказиладиган Наврўз сайлига ўхшаш қиёфа касб этди.

Шу куннинг ўзида “Танк биатлони” мусобақаси иштирокчиларининг якка тартибдаги беллашувлари бошланди. Танкчиларимиз эса 25 августь куни илк баҳсларга киришади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net