Венгрияда “Бобурнома”ни венгер тилига ўгириш учун ҳозирлик кўрилмоқда

06.05.2021 11:09

ВЕНА, 6 май. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон элчиси Абат Файзуллаев Венгрия Шарқшунослик институти директори ва Этвеш Лоранд номидаги Будапешт университетининг туркология кафедраси мудири  Бенедек Пери билан видеоконференция алоқаси воситасида мулоқот ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» мухбири.

Тадбир чоғида томонлар маданий-гуманитар ва таълим соҳаларида Ўзбекистон – Венгрия ҳамкорлигини кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди.  

Онлайн-тадбир чоғида томонлар Ўзбекистон – Венгрия муносабатлари юқори ўсувчанликка эга эканини қайд этгани баробарида маданий-гуманитар йўналишдаги ўзаро ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга тайёр эканини тасдиқлади.

Бенедек Пери Ўзбекистоннинг маданий-тарихий меросини, жумладан, ўзбек мумтоз адабиётини тарғиб этиш доирасида Бобур номидаги халқаро жамғарма билан ҳамкорликда кўп йиллардан бери  “Бобурнома”ни асл нусхадан венгер тилига таржима қилаётганини билдирди.

Шу билан бирга, Европанинг кенг доирадаги ўқувчилари эътиборини буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий меросига қаратиш мақсадида Алишер Навоийнинг «Маҳбуб ул-қулуб» асарини ўзбек мутахассислари билан биргаликда асл нусхадан инглиз тилига ўгириш юзасидан олиб борилаётган ишлар тўғрисидаги маълумотлар ҳам тақдим этилди.

Тадбирда Венгрия Бош вазирининг Ўзбекистонга яқинда буюрган ташрифи ҳамда олий даражадаги музокаралар якунлари бўйича  томонлар ўртасида таълим соҳасидаги ўзаро ҳамкорликнинг фаоллашуви кузатилаётгани ҳам қайд этилди.   

Венгриялик эксперт Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети билан Этвеш Лоранд номидаги Будапешт университети ўртасида яқин ҳамкорлик бошланганини мамнуният билан билдирди.

Томонлар магистратура йўналишида икки томонлама  диплом  бериш дастурини амалга оширишни режалаштираётгани қайд этилди. Бундан ташқари, Венгрия томони мазкур университетда ўзбек тилини ўрганиш бўйича алоҳида факультет очиш имкониятини ўрганиб чиқиш ниятида экани ҳам маълум қилинди.

Учрашув якунида “Ўзбекистонга тааллуқли хорижий қўлёзмалар реестри” нашрининг биринчи жилди Этвеш Лоранд номидаги Будапешт университети кутубхонасига ҳадя сифатида тақдим этилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net