Венада Ўзбекистоннинг маданий-тарихий мероси ва сайёҳлик салоҳияти намойиш этилди

20.09.2020 13:13

ВЕНА, 19 сентябрь. /«Дунё» АА/. Мамлакатимизнинг Австриядаги элчихонаси Ўзбекистоннинг туризм бренди элчиси Гертруда Тауҳаммер ва «Society» журнали нашриёти билан биргаликда "Буюк ипак йўли мероси" деб номланган тадбир ташкил қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Тадбир Марказий Осиё давлатларининг Шарқ билан Ғарб ўртасидаги савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришдаги ўрнига бағишланди. Унда ҳукумат, илмий ва жамоат доиралари, халқаро ташкилотлар ва Австрияда аккредитациядан ўтган хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналари вакиллари иштирок этди.

Учрашувда Буюк ипак йўлининг юраги бўлган, Осиё ва Европа давлатларини савдо-сотиқ, маданий ва маънавий қадриятлар алмашинуви орқали бирлаштирган Самарқанд, Бухоро, Хива ва Фарғона сингари Ўзбекистон шаҳарларининг тарихий аҳамиятига бағишланган тақдимотлар ўтказилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон шаҳарларининг Буюк ипак йўлининг ривожланиши ва равнақига қўшган беқиёс, улар  қадим тамаддунларнинг ажойиб ютуқларидан бири. Улар Ўрта ер денгизидан Тинч океанигача бўлган турли мамлакат ва халқларни бир-бирига боғлаган масканлар.

Шунингдек, тадбирда маҳаллий рассомлар бадиий асарлари ва миниатюралари, сўзана маҳсулотлари, миллий таомлар кўргазмалари ташкил қилинди.

Ўзбек усталарининг қўл санъати намуналари, Марғилон адраси гўзаллиги ва қадимий технологиялардан фойдаланган ҳолда тўқилган атласлар, ўзбек ошхонаси тадбир иштирокчилари томонидан катта қизиқиш билан қарши олинди.

– Тадбирда Ўзбекистон туризм брендининг Австриядаги элчиси сифатида қатнашиш мен учун катта шараф, – деди Гертруда Тауҳаммер. – Ўзбекистон элчихонаси Венада турли маданий тадбирларни ташкил қилиш ва ўтказишда фаол иштирок этиб, кенг жамоатчиликка кўп асрлик тарихни ва бой маданий, сайёҳлик меросини тақдим этиб келмоқда. Бунинг учун алоҳида миннатдорлик билдирамиз. Ўзбекистонда илк бор 2003 йилда бўлганман. Бугунги кунга қадар сақланиб қолган урф-одатлар, шунингдек, халқингиз табиатидаги меҳмондўстлик ҳар бир ташриф буюрувчини Ўзбекистонга қайта-қайта сафар қилишга илҳомлантиради.

Австриянинг Марказий Осиёдаги савдо миссияси собиқ раҳбари Рудолф Талер тадбир давомида Буюк ипак йўлининг ривожланиши ва гуллаб-яшнашида Ўзбекистон шаҳарларининг тарихий ўрни ва аҳамияти, дунё мамлакатлари, халқларини бирлаштиришга қўшган беқиёс ҳиссасига гувоҳ бўлганини таъкидлади.

"Ўзбекистон туризм соҳасида катта салоҳиятга эга. Австрия компанияларининг Ўзбекистон билан ҳамкорликка бўлган қизиқиши тобора ортиб бораётгани бугунги кунда сизнинг ажойиб мамлакатингиз дунё ҳамжамияти диққат марказида эканига яна бир мисолдир”, деди у тадбир доирасида.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net