«Ўздавкарантин» инспекцияси Ўзбекистоннинг баҳзи вилоятларида етиштирилган помидор маҳсулотлари экспортига Россия томонидан қўйилаётг

14.12.2020 11:39

ТОШКЕНТ, 14 декабрь. /«Дунё» АА/. Сўнгги кунларда маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида Россия Федерацияси томонидан Ўзбекистоннинг Фарғона, Қашқадарё ҳамда Навоий вилоятларида етиштирилган помидор маҳсулотлари экспортига тақиқ қўйилгани, бунга «Помидор жигарранг бужмайиш вируси касаллиги» сабаб бўлгани ҳақида хабарлар тарқатилмоқда. Ўзбекистон ўсимликлар карантини давлат инспекцияси мазкур масала юзасидан қуйидагича баёнот берди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

«Tomato brown rugose fruit virus - «Помидор жигарранг бужмайиш вируси касаллиги» билан боғлиқ хабар эълон қилинганидан сўнг, «Ўздавкарантин» инспекцияси ходимлари томонидан тезкорлик билан «Долзарб 15 кунлик» чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Помидор ва қалампир маҳсулоти ҳамда унинг экспортига жиддий зарар етказувчи ушбу касалликнинг аломатлари, тарқалиш йўллари ва қарши кураш механизми аниқ белгилаб берилди. Махсус ишчи гуруҳи тузилиб, Фарғона вилоятига ҳолатни чуқурроқ ўрганиш ва касаллик мавжуд бўлса, уни аниқлаш мақсадида сафарбар этилди. Шунингдек, Республиканинг барча туман ва шаҳарлари ҳамда чегара масканларида фаолият юритаётган инспекторларга махсус топшириқлар берилди.

Республиканинг барча ҳудудларида етиштирилаётган помидор маҳсулотидан намуналар олиниб, Марказий карантин лабораториясида ўрганилмоқда. Айни кунларда лаборатория ходимлари учун фитосанитария диагностикаси устида тренинг олиб бораётган ўсимликлар карантини ва ҳимояси соҳасида халқаро эксперт Амир Малик Ҳумоюн мавзу юзасидан қуйидагича фикр билдирди.

- Биз лаборатория ходимлари билан мана 10 кундан ошмоқдаки, ўсимликларга жиддий зиён етказиши мумкин бўлган зарарли организмлар диагностикаси устида тренинг ҳамда амалий ўрганишларни олиб бормоқдамиз, - деди у. - Жорий йилнинг бошидан буён дунёнинг қатор давлатларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳосили ва экспортига янги турдаги Tomato brown rugose fruit virus - «Помидор жигарранг бужмайиш вируси касаллиги», айниқса, Осиё ва Европа мамлакатлари орасида жиддий хавотирларга сабаб бўлди.

Қайд этиш керакки, ушбу касаллик уруғлар, вирус теккан жиҳозлар, кийимлар, механик воситалар орқали тарқалади. Экинларнинг чангланиши вақтида ҳам тарқалиши мумкин. Жигарранг вирус касаллигига чидамли помидор навлари шу кунгача аниқланмаган.

Фарғона вилоятида мавжуд иссиқхоналарнинг 99,11 гектар майдонини помидор экинлари ташкил этиб, уларнинг барчаси саноат иссиқхоналари ҳисобланади. Шундан 36,46 гектарни ташкил этган 18 та иссиқхонада помидор етиштирилиши давом этмоқда. Республика бўйлаб ўтказилган махсус фитосанитар дала назорати чоғида барча иссиқхона раҳбар ва ходимларига касаллик ва зараркунандалар ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилди.

«Долзарб 15 кунлик» кунлик доирасида Қашқадарё, Навоий, Фарғона ва бошқа вилоятларда помидор ва қалампир экилган ҳар бир иссиқхонанинг жойлашган ўрни, майдони, тури ва фитосанитар тозалиги тўғрисидаги маълумотномаси, яъни паспорти ?нспекция ходимлари томонидан қайд этилди. Помидор ва қалампир етиштириладиган ҳудудларда ўтказилган назорат чоғида жалб қилинган сайёр лабораториялар шу ернинг ўзида маҳсулотларда «Помидор жигарранг бужмайиш вируси касаллиги» аломатлари бор ёки йўқлигини текширувдан ўтказди.

Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунга қадар республика ҳудудида «Помидор жигарранг бужмайиш вируси касаллиги»нинг симптоматик аломатлари аниқланмаган. Республиканинг вирусдан холи эканини тасдиқлаш мақсадида ҳар бир ҳудуд кесимида рўйхат шакллантирилиб, Россия томонига тақдим этилмоқда. Масала юзасидан музокаралар давом этмоқда».

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net