«Ўзчармсаноат» уюшмаси 2026 йилда ишлаб чиқариш ҳажмини 4 баробардан зиёдга, экспортни эса қарийб 3 маротаба оширишни режалаштирмоқда

29.08.2022 17:26

ТОШКЕНТ, 29 август. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев кеча «Ўзчармсаноат» уюшмасига ташриф буюрди, деб хабар бермоқда  «Дунё» АА мухбири.

?нвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги маълумотига кўра, ташриф давомида уюшма раҳбарияти чарм-пойафзал саноатининг ҳозирги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари тўғрисида тақдимотлар ўтказди.

Тақдимотларда қуйидаги маълумотлар келтирилди: агар 2017 йилда саноат корхоналари томонидан қиймати 18 миллион доллар бўлган 17 та лойиҳа амалга оширилган ва 800 та иш ўрни яратилган бўлса, 2021 йилга келиб 12 мингта янги иш ўрни яратилиши билан умумий қиймати 202 миллион долларлик 112 та лойиҳа амалга оширилди. Давлат кўмагида 2026 йилга бориб қиймати 1 миллиард доллардан ортиқ бўлган 555 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган, бунинг натижасида 50 мингта янги иш ўрни яратилади.

?шлаб чиқариш ҳажми ҳам шунга ўхшаш ўсиш трендини кўрсатди. 2017 йилда 760 миллиард сўмлик, 2021 йилда 4,4 триллион сўмлик чарм ва пойафзал маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. 2026 йилда эса 18,6 триллион сўмлик шу турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш режалаштирилган. Экспорт нуқтаи назаридан ҳам ўсиш кузатилмоқда. 2017 йилда ташқи бозорларга 105 миллион долларлик, 2021 йилда 421 миллион долларлик товарлар етказиб берилди. 2026 йилда эса саноат корхоналари 1,2 миллиард долларга тенг бўлган маҳсулотни экспорт қилмоқчи.

Тери-пойафзал ҳамда жун ва мўйначилик саноатининг ривожланиш истиқболларини батафсил таҳлил қилиш жараёнида юқори сифатли хом ашёни сотиб олиш, ишлаб чиқариш жараёнини оптималлаштириш, кластерларда, кичик саноат зоналарида лойиҳаларни амалга ошириш бўйича муаммолар ва таклифлар билдирилди. Бундан ташқари, маҳсулот экспортини кўпайтириш, кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, ўзбекистонлик корхоналарнинг ихтисослаштирилган халқаро кўргазмаларда иштирок этиши, соҳадаги инновацион лойиҳаларни молиялаштириш, мамлакатда ва хорижий давлатларда йирик улгуржи савдо марказларини ташкил этиш мавзуларига тўхталиб ўтилди.

Муҳокамадан сўнг уюшма раҳбариятига билдирилган масалаларни батафсил ўрганиш ва соҳани ҳар томонлама ривожлантириш бўйича навбатдаги тадбирларни ишлаб чиқиш топширилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net