Ўзбек–туркман халқлари дўстлик анжумани

01.02.2021 11:53

ТОШКЕНТ, 1 февраль. /«Дунё» АА/. Бугун Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида Ўзбекистон ва Туркманистон давлат мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб “Мустақиллик йилларида Ўзбекистон ва Туркманистон дўстлик алоқалари” мавзусида маданий-маърифий тадбир ўтказилди, деб хабар беради “Дунё” АА мухбири.

Миллатлараро муносабатлар қўмитаси маълумотига кўра, тадбир Республика туркман маданият маркази ҳамда Туркманистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Анжумандан кўзланган мақсад – ўзбек-туркман халқлари ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, кўп асрлик тарихий-маданий алоқалар боғлаб турган мамлакатларимизнинг яхши қўшничиликка асосланган ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш, дўстона муносабатлар ва маданий-маърифий алоқаларни ривожлантириш орқали халқларимизнинг тарихи, маданияти, маънавий қадриятлари, миллий анъаналари ва урф-одатларини сақлаш ва ҳар томонлама ривожлантиришдан иборатдир.

Маданий-маърифий тадбирда қўмита мутасадди ходимлари, мамлакатимизда истиқомат қилаётган турли миллат вакиллари, миллий маданий марказлар раислари, таниқли санъат арбоблари, Туркманистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Меҳмонлар эътиборига Туркманистон халқ миллий ҳунармандчилик намуналари кўргазмаси намойиш қилинди ҳамда туркман миллий таомлари тортиқ этилди.

Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Р.Қурбонов тадбир иштирокчиларини қизғин қутлаб, юртимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлашда барча миллий маданий марказларнинг ўрни муҳим эканини таъкидлади, туркман миллатига мансуб ватандошларимизнинг жамиятда дўстлик, ўзаро ҳамжиҳатлик, инсонпарварлик ва бағрикенглик маданиятини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларига юқори баҳо берди. Бунда давлатларимиз раҳбарларининг ўзаро ишончга асосланган муносабатлари натижасида охирги йиллар кўп асрлик алоқалар тарихида алоҳида аҳамиятга эга бўлгани, илм-фан ва маданият соҳаларини ривожлантириш, қардош ўзбек ва туркман халқлари ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш, аждодлар маънавий мероси кенг ўрганиш фаоллашганига эътиборни қаратди. Юртимизда туркман тилида таълим берувчи умумтаълим мактаблари фаолият юритаётгани, туркман тилида Ўзбекистон миллий телевидениесида кўрсатувлар эфирга узатилиши ва газеталар чоп этилиши ўзбек-туркман халқларининг тинч-тотув ва аҳилликда яшашига катта имкониятлар яратиши қайд этилди.

Туркманистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Язгул Мамедов тадбир қатнашчиларини жорий йилда кенг нишонланадиган икки давлат мустақиллигининг 30 йиллиги билан самимий қутлади.

“Бугун Туркманистон ва Ўзбекистон алоқалари жадал суръатда ривожланишида икки давлат раҳбарлари ўртасидаги самимий дўстлик, ишонч ва ўзаро хайрихоҳлик муҳим аҳамиятга эга. Олий даражадаги учрашувларнинг мунтазам тус олгани давлатлараро алоқалар изчил ривожланаётганидан далолат беради. Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ҳар бир учрашуви ўзаро манфаатли, сермаҳсул ва фаол мулоқотнинг мантиқий давоми саналади”, – деди элчи Язгул Маммедов.

Маданий-маърифий тадбирда сўзга чиққанлар ўзбек ва туркман халқларининг тарихи ва маданияти муштарак, урф-одат ва анъаналари ўхшашлиги, аждодларимизнинг илмий-ижодий мероси халқларимизнинг умумий мулкига айлангани, ўзаро маданий-гуманитар алоқалар фаоллашгани мамлакатларимиз ўртасидаги мустаҳкам ҳамкорликка асос бўлаётганини қайд этди.

Тошкент шаҳрида кўркам “Ашхобод” боғининг очилгани, пойтахтимизнинг марказий кўчаларидан бирига туркман халқининг буюк шоири ва мутафаккири Маҳтумқули Фироғий номи берилгани, Хоразмда “Улли ҳовли” Ўзбекистон-Туркманистон туризм мажмуаси ташкил этилгани халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталари тобора мустаҳкамланиб бораётганига ёрқин мисолдир.

Тадбирда ўзбек ва туркман куй-қўшиқлари билан бирга рус, корейс, татар, қозоқ, уйғур миллий маданий марказлари қошидаги ҳаваскор гуруҳлар ва фольклор жамоаларнинг бадиий чиқишлари иштирокчиларга манзур бўлди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net