Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти Корея Республикасининг энг йирик кўнгилочар мажмуасида намойиш этилди

02.04.2022 12:16

СЕУЛ, 2 апрель. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини кенг нишонлашга бағишланган тадбирлар доирасида 2022 йил 21 марти - 1 апрель кунлари Сеул шаҳрида жойлашган “Lotte World Tower” кўнгилочар мажмуаси ҳудудидаги энг баланд осмонўпар бинода икки мамлакатнинг дўстона муносабатлари ҳамда мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳиятига бағишланган видеороликлар намойиши ва фотокўргазма ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

“Lotte World Tower” 2017 йилда барпо этилган бўлиб, Жанубий Кореядаги энг йирик сайёҳлик маскани ва кўнгилочар мажмуа ҳисобланади. Мазкур комплекс савдо марказлари, турар-жой ва офис бинолари, меҳмонхоналар, “Lotte World Adventure” кўнгилочар боғи ва “Seoul Sky” осмонўпар биносини ўз ичига олади. Бинонинг баландлиги 555 метрни ташкил этади ва мазкур кўрсаткич бўйича у дунёдаги энг баланд бинолардан бири саналади. Ушбу мажмуага ҳар куни юз минглаб меҳмонлар, жумладан, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар ташриф буюради.

Мамлакатимизнинг Корея Республикасидаги элчихонаси томонидан ташкил этилган ушбу тадбир доирасида “Lotte World Tower” мажмуасининг улкан мониторларида, шунингдек “Seoul Sky” осмонўпар биносига кириш ва чиқиш жойларида Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги алоҳида стратегик шерикликнинг шаклланиш тарихи ва бугунги босқичи, иқтисодиёт, фан, санъат, маданият ва бошқа соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг ривожига оид видеофильмлар 10 кун давомида намойиш этилди.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг сайёҳлик масканлари, бой тарихи, ўзига хос миллий таомлари, ўзбек халқининг урф-одатлари ва анъаналари ҳақида видеороликлар тақдим этилди.

Бундан ташқари, “Seoul Sky” осмонўпар биносининг 117-қаватидаги жойлашган кузатув майдончасида Самарқанд, Бухоро, Хива ва Тошкент каби тарихий шаҳарларнинг буюк маданий меъросини тасвирловчи фотосуратлар кўргазмаси ташкил этилди.

Тадбир кўнгилочар мажмуага ташриф буюрувчиларда катта қизиқиш уйғотди ва уларга Ўзбекистон - Жанубий Корея ҳамкорлигининг замонавий ютуқлари билан танишиш, шунингдек, Ўзбекистоннинг машҳур сайёҳлик масканларига “виртуал саёҳат” уюштириш имкониятини берди. Туризм саноати вакилларининг таъкидлашича, “Lotte World Tower” мажмуасида Ўзбекистонга оид видео ва фотосуратлар намойиш этилиши, шубҳасиз, республиканинг туризм салоҳиятини Жанубий Кореяда кенг тарғиб қилишга ва ушбу мамлакатдан кўплаб сайёҳлар оқимини юртимизга жалб қилишга хизмат қилади.

Мажмуага ташриф буюрган меҳмонлар видеофильмлар ва ўзбек суратлари кўргазмаси билан танишар экан, “Дунё” АА мухбирига берган интервьюларида ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.

Ким Юн Ми:

- Ўзбекистонлик дўстимнинг таклифига биноан бугун Жанубий Корея ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан ташкил этилган расмлар кўргазмасига ташриф буюришдан мамнун бўлдим. Шахсан менда Самарқанд, Бухоро каби тарихий шаҳарлар алоҳида таассурот қолдирди. Умид қиламанки, коронавирус билан боғлиқ вазият барқарорлашиши билан мен бу шаҳарларни ўз кўзим билан кўра оламан. Қолаверса, мен ўзбек ошхонасини жуда яхши кўраман. Ўзбекистонга саёҳати чоғида, албатта, кабоб таътиб кўришни интиқлик билан кутаман.

Ли Чже ?н:

- Дўстларим билан “Лотте” осмонўпар биносидамиз. Пойтахтнинг қоқ марказида жойлашган энг баланд “Лотте” минорасида Ўзбекистон ҳақидаги видеороликларни томоша қилиб, шунга амин бўлдимки, Жанубий Корея ва Ўзбекистон ўртасидаги яқин муносабатлар янада ривож топмоқда. Бундан ташқари, сўнгги пайтларда Ўзбекистонни саёҳат қилиш учун қулай манзил сифатида танлаётган корейслар сони ортиб бормоқда. Шунинг учун тез орада бу мамлакатга ташриф буюришимга умид қиламан. Мен ушбу видео орқали Ўзбекистон ҳақида янада кўпроқ маълумот олиш имконияти яратиб берилгани учун ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net