Ўзбекистоннинг диққатга сазовор сайёҳлик масканлари Озарбайжон блогерларининг эътиборини тортмоқда

15.04.2022 15:32

БОКУ, 15 апрель. /«Дунё» АА/. Бокуда Озарбайжон туризм- блогерлари уюшмаси вакиллари учун Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти бўйича тақдимот ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Тадбир мамлакатимиз элчихонаси кўмагида ўтказилди. Тақдимот доирасида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти, мамлакатимиз ҳудудида 7 мингдан зиёд қадимий ва ўрта аср меъморчилиги ёдгорликлари, ЮНЕСКОнинг Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган шаҳар ва объектлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Бундан ташқари, сўнгги йилларда дам олиш, спорт, зиёрат, соғломлаштириш ва туризмнинг бошқа турлари учун яратилган имкониятлар ҳақида маълумот берилди.

Тақдимотда  ?мом Бухорий ёдгорлик мажмуаси (Самарқанд), етти пир қадамжолари (Бухоро) ва бошқа муқаддас гўшалари мусулмон мамлакатлари, шу жумладан, Жануби-Шарқий Осиё давлатларидан келган зиёратчилар ўртасида машҳур эканлиги таъкидланди.

Тадбирда Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (ЮНВТО) Бош Ассамблеясининг 25-сессияси 2023 йилда  Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтиши  маълум қилинди.  Ҳозирги кунда Самарқандни дунёнинг етакчи сайёҳлик марказларидан бирига айлантириш бўйича тизимли ишлар олиб борилаётгани ҳақида сўзлаб берилди.

Анжуман якунида май ойининг биринчи ўн кунлигида туризм соҳасини ёритувчи блогерлар кўмагида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятига бағишланган навбатдаги тақдимотни кенгроқ аудитория учун ўтказиш, шунингдек, Ўзбекистонни Озарбайжон жамоатчилиги орасида кенг тарғиб қилиш учун турли викториналар ва танловлар ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net