Ўзбекистонда сайловлар октябрь ойида ўтказилади

09.02.2021 16:05

ТОШКЕНТ, 9 февраль. /«Дунё» АА/. «Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ўзгартиришга кўра, Президент сайлови, Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси,  Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловлар тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши белгиланди (илгари декабрь ойида  эди).

Шунингдек, сайловларни ўтказиш бўйича сайлов участкалари туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг тақдимномасига биноан округ сайлов комиссиялари томонидан, туман, шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловини ўтказиш бўйича сайлов участкалари эса туман, шаҳар сайлов комиссиялари томонидан тузилади (илгари сайлов участкалари туман ва шаҳарлар ҳокимликлари тақдимномасига биноан округ сайлов комиссиялари томонидан тузилган).

Эндиликда Халқ депутатлари туман, шаҳар (бундан халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши мустасно) Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари тузилмайди.

Ҳужжат билан чет давлатларда турган фуқароларни сайловчилар рўйхатларига киритиш тартиби белгиланди.

Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларида сайловчиларнинг рўйхати мазкур муассасалар бошлиқлари томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида тузилади.

Тузилган участка сайлов комиссиялари чет давлатларда турган фуқароларни сайловчилар рўйхати билан танишиш усули, жойи ва вақти тўғрисида хабардор қилади.

Чет давлатларда турган фуқаролар ўзларини сайловчилар рўйхатига киритиш тўғрисида сайловдан 15 кун олдин ёзма шаклда Ўзбекистоннинг дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка сайлов комиссияларига ёки Ташқи ишлар вазирлигининг расмий веб-сайти орқали электрон шаклда мурожаат қилиши мумкин.

 Ўзбекистоннинг дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка сайлов комиссиялари:

- чет давлатларда турган фуқароларнинг уларни сайловчилар рўйхатига киритиш тўғрисидаги мурожаатида кўрсатилган шахсга доир маълумотларни текширади ва фуқарони сайловчилар рўйхатига киритиш ҳақидаги масалани ҳал қилади;

- сайловчилар рўйхатига киритилган фуқаролар ҳақидаги маълумотларни Ташқи ишлар вазирлигига тақдим этади.

Ташқи ишлар вазирлиги сайловчилар рўйхатига киритилган фуқаролар ҳақидаги маълумотларни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказига Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатига тегишли тузатишлар киритиш учун тақдим этади.

Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларида овоз бериш сайлов куни ушбу сайлов участкалари жойлашган ердаги маҳаллий вақт билан соат 8.00 дан 20.00 гача ўтказилади.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net