Ўзбекистонда почта алоқаси хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштириш вазифалари тасдиқланди

15.12.2020 11:07

ТОШКЕНТ, 15декабрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Почта алоқаси хизматларини кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори  қабул қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Қарор билан почта алоқаси хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари белгиланди.

Ҳужжат билан почта ва курьерлик хизматларини тақдим этиш фаолияти билан шуғулланиб келаётган маҳаллий ва хорижий компаниялар билан ҳамкорликда «якуний манзил» хизмати жорий этилади ва «гибрид почта» жўнатмаларини қабул қилиш ва етказиб бериш хизматлари сони 2 баробарга оширилади.

Бундан ташқари, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларини онлайн сотиш ва мижозларга етказиб бериш имкониятини берувчи электрон савдо майдончаси ахборот тизими яратилади ҳамда  республиканинг камида 1 000 та почта бўлимида, айниқса, олис ва чекка ҳудудларда молиявий хизматлар турларини, хусусан, аҳолидан тўловлар қабул қилиш икки баробарга кенгайтирилади ҳамда аутсорсинг асосида банк хизматлари кўрсатилиши йўлга қўйилади.

Олис ва чекка ҳудудлардаги почта бўлимида давлат хизматлари кўрсатилиши йўлга қўйилади.

2021 йилда 42 та намунавий туманда (шаҳарда) почта алоқаси корхоналарини трансформация қилиш лойиҳаларини кўзда тутувчи “Йўл харита”лари амалга оширилади.

Қарорда, шунингдек,  почта алоқаси бўлимлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларни замонавий ахборот технологиялари воситалари билан таъминлаш вазифалари белгиланди.

Шунингдек, олис ва чекка ҳудудлардаги почта алоқаси объектларида камида 13 та турдаги давлат хизмати аутсорсинг асосида ташкил этилади

Қарорга кўра, 2021 йил 1 февралгача онлайн савдо майдончасини ишга тушириб, маҳсулотларни республика бўйича, айниқса, олис ва чекка ҳудудларда савдога олиб чиқиш, Миллий оператор тармоқларидан фойдаланиб, сотилган маҳсулотларни манзилларга етказиб бериш тизими жорий этилади.

2021 йил 1 апрелгача Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида биттадан почта алоқаси объектида мижозлар номига келган почта жўнатмаларини олиш учун мўлжалланган ўз-ўзига хизмат кўрсатувчи автоматлаштирилган комплекслар (почтамат) жорий этиш бўйича синов/намунавий лойиҳалар амалга оширилади.

Ушбу хизмат 2021 йил якунигача яна 150 та объектда жорий этилиши белгиланган.

2021 йил 1 июлга қадар почта жўнатмаларини қабул қилиш, саралаш ва онлайн кузатиш имконини берувчи автоматлашган тизим ишга туширилади.

2021 йил 1 майга қадар банк пластик карталарига почта алоқаси бўлимлари орқали тўлиқ хизмат кўрсатиш (карталарни маблағ билан тўлдириш, нақд пул ечиш, жисмоний шахсларни идентификация қилиш) тизими жорий этилади.

2021 йил 1 июлга қадар почта тармоқлари орқали аутсорсинг асосида тижорат банклари номидан жисмоний шахсларга кредит бериш тўғрисида аризаларни қабул қилиш, кредитларни сўндириш бўйича тўловларни қабул қилиш, юридик шахслар кунлик савдо тушумини қабул қилиш каби банк хизматлари кўрсатиш йўлга қўйилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net