Ўзбекистонда мактаб битирувчилари учун ягона имтиҳон жорий этилади

25.07.2020 10:06

ТОШКЕНТ, 25 июль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистонда умумтаълим муассасалари битирувчиларининг якуний давлат аттестацияси ҳамда олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари унификация қилинади ва ягона имтиҳон жорий этилади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Бу ҳақда халқ муҳокамасига қўйилган Ўзбеистон Республикаси Президентининг «Умумтаълим муассасалари битирувчиларининг якуний давлат аттестацияси ҳамда олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини унификация қилиш ва ягона имтиҳонни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳасида келтирилган.

 Ҳужжатга асосан, 2021-2022 ўқув йилида тажриба синов тариқасида Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан белгиланадиган ҳудуддаги умумий ўрта мактаб ва академик лицей, 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб барча умумий ўрта мактаб, академик лицей ва қабули 9-синф негизи асосида амалга ошириладиган касб-ҳунар мактаби (умумтаълим муассасалари) битирувчиларининг якуний давлат аттестацияси ҳамда олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари унификация қилиниб, ягона тест синовларини ўтказиш йўлга қўйилади.

Қарор лойиҳасида қўйидаги вазифалар белгиланмоқда:

- умумтаълим муассасаларининг жорий йил битирувчилари якуний давлат аттестацияси имтиҳони сифатида учта фан — она тили (ўзбек, рус ёки қорақалпоқ тили), математика ва Ўзбекистон тарихи (мажбурий фанлар) фанларидан тест синовларини топширади;

- мажбурий фанлар бўйича тест синови натижалари умумтаълим муассасаси битирувчиларининг умумий таълим тўғрисидаги ҳужжати (шаҳодатнома, дипломи)га қўйилади;

- олий таълим муассасаларига кириш истагини билдирган умумтаълим муассасалари битирувчилари шахсий танловига кўра, ихтиёрийлик асосида бакалавриат таълим йўналишларига мос фанлардан тест синовларини топширади;

- 2022 йилдан бошлаб, аввалги йилларда таълим муассасаларини тугатганлар белгиланган муддатларда бакалавриат таълим йўналишларига мос фанлар ва мажбурий фанлардан тест синовларини топширади;

- тест синовлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази (Давлат тест маркази) томонидан амалга оширилади;

Олий таълим муассасаларига кириш истагини билдирган умумтаълим муассасалари битирувчилари ва аввалги йилларда таълим муассасаларини тугатганларга (абитуриентлар) тест синови топширган мос ўқув тили ва фанлар мажмуаси бир хил бўлган таълим йўналишлари бўйича танловларда иштирок этиш ҳуқуқи берилади.

Шунингдек, абитуриентга тест синови топширилган фани бўйича 3 йил муддатда амал қиладиган абитуриент электрон сертификати берилади. Абитуриент электрон сертификатининг амал қилиш муддати тугамасдан ушбу фан бўйича тест синовини белгиланган тартибда қайта топшириш ҳуқуқи эга бўлади.

Алоҳида иқтидор талаб этиладиган, қабули тест синовларисиз, касбий (ижодий) имтиҳонлар орқали амалга ошириладиган таълим йўналишларига ўқишга киришда абитуриентларнинг мажбурий фанлар бўйича тест синови натижаси инобатга олинади.

Тасарруфида умумтаълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар умумтаълим муассасалари битирувчилари, жумладан, олий таълим муассасаларига кириш истагини билдирган умумтаълим муассасалари битирувчилари ҳақидаги маълумотларни ҳар йили 1 мартга қадар Давлат тест марказининг махсус дастурига киритилишини таъминлайди;

Қарор лойиҳасига кўра, фанни билиш даражаси бўйича Давлат тест маркази томонидан берилган миллий сертификатга, шунингдек, чет тили фани бўйича халқаро сертификатга эга бўлган абитуриентларга мазкур фандан имтиҳонларсиз белгиланган максимал балл бериш ҳуқуқи сақлаб қолинади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net