Ўзбекистонда ҳудудларнинг ривожланиш даражаси баҳоланади

04.05.2020 22:02

ТОШКЕНТ, 4 май /«Дунё» АА/. Ўзбекистонда ҳудудларнинг ривожланиш даражаси баҳоланади. Бу ҳақда давлатимиз раҳбарининг шу йил 1 майдаги «Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида»ги қарорида белгиланди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мазкур ҳужжатга кўра, статистик кўрсаткичлар ва сўровномалар натижалари асосида ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини рейтинг баҳолаш тизими жорий этилади.

Бунда иқтисодий тараққиётни таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш, ишсизликни камайтириш, аҳоли турмуш сифатини яхшилаш каби жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилади.

Рейтинг баҳолашни амалга ошириш мақсадида 2020 йил 1 июнга қадар махсус ахборот тизими ишлаб чиқилади ва дастлаб 2019 йил учун ушбу тизим орқали синов режимида баҳолаш амалга оширилади.

Натижалар асосида рейтинг кўрсаткичларини аниқлаш Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар кесимида амалга оширилади.

Ўтган йил учун рейтинг баҳолаш натижалари ҳар йили 1 февраль (тезкор баҳолаш) ва 15 июнга (якуний натижалар) қадар Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси ва давлат ҳокимияти вакиллик органларига киритилади.

Рейтинг баҳолаш натижалари ҳар йили Вазирлар Маҳкамаси ва давлат ҳокимияти вакиллик органлари йиғилишларида танқидий муҳокама қилиниши шарт.

?қтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги рейтинг баҳолаш натижаларини умумлаштиради, шунингдек, рейтинг баҳолашни амалга оширишда иштирок этувчи тегишли органлар, ташкилотлар ва муассасалар фаолиятига умумий раҳбарлик қилади.

Қарор билан Рейтинг кўрсаткичлари асосида ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасини баҳолаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net