Ўзбекистонда етиштирилган ерёнғоқ илк бор Хитойга экспорт қилинди

22.06.2020 15:50

ПЕК?Н, 22 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Республикаси ҳукумати  томонидан мамлакатимиз экспортчиларининг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани ҳамда ҳаётга татбиқ этилаётган кенг қамровли ислоҳотлар туфайли Ўзбекистондан дунё мамлакатларига экспорт қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотларининг турлари ва географияси тобора кенгайиб бормоқда.

Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги дипломатия миссиялари билан юртимизда фаолият кўрсатаётган экспортёрлар ўртасида йўлга қўйилган яқин алоқалар ташқи бозор тамойиллари ҳақида батафсил маълумотга эга бўлиш имконини бермоқда.

Жорий йил май ойидан эътиборан Хитой бозорига Ўзбекистон заминида етиштирилган ерёнғоқни экспорт қилишни бошлаган «Global Export Company» масъулияти чекланган жамияти фаолиятини бу йўналишдаги муваффақиятли мисоллардан бири сифатида келтириш мумкин. Боиси Хитойнинг йирик компанияларидан бири билан имзоланган 1 миллион АҚШ доллари миқдорига тенг шартнома доирасида маҳсулот етказиб берилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Маълумот тариқасида айтиш керак, Хитой Халқ Республикаси жаҳондаги ерёнғоқ етиштирадиган нафақат йирик ишлаб чиқарувчи, балки  йирик истеъмолчи ҳам ҳисобланади. Масалан, 2019 йилда Хитойнинг тозаланган ерёнғоқ импорти ҳажми 405 минг тоннани ташкил этди. Бу 285 миллион АҚШ доллари миқдорига тенг. Африка қитъасидаги Сенегал, Эфиопия, Судан, шунингдек, Ҳиндистон ва Америка Қўшма Штатлари ушбу маҳсулотни етказиб берган асосий мамлакатлар бўлди. Энди эса Хитойга ерёнғоқ етказиб берадиган экспортчи давлатлар қаторида Ўзбекистон ҳам жой олди. 

Таъкидлаш жоиз, 2019 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги элчихонаси кўмагида Ўздавкарантин билан ХХР Бош божхона бошқармаси ўртасида Хитойга ўзбек ерёнғоғи экспорт қилинишига қўйиладиган фитосанитар талаблар тўғрисидаги протокол имзоланган эди.

Шу ўринда қайд этиш жоиз, Пекиндаги элчихонамизнинг фаол иштирокида Хитойга етказиб бериладиган мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг турларини янада кўпайтириш бўйича мажмуавий ишлар ҳаётга изчил жорий этилмоқда. Буларнинг натижаси ўлароқ, Хитой бозорига 14 турдаги маҳсулотлар экспортини кўзда тутадиган фитосанитария талаблари бўйича идоралараро протоколлар имзоланди. Улар орасида гилос, қовун, аччиқ қалампир, анор, мош, кунжут, майиз, қуритилган ўрик, ёнғоқ, аччиқ ва ширин ўрик данаги, асал ва бошқа маҳсулотлар мавжуд.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net