Ўзбекистонда электр энергияси бўйича 10 йиллик стратегия қабул қилинди

01.05.2020 18:55

ТОШКЕНТ, 1 май. /“Дунё” АА/. Ҳукумат томонидан “2020 – 2030 йилларда Ўзбекистон Республикасини электр энергия билан таъминлаш концепцияси” қабул қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Энергетика вазирлиги манбасига асосланиб.

Ушбу стратегия халқаро экспертлар иштирокида ишлаб чиқилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан электр энергетикани ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътиборига асосан, жадал ривожланаётган аҳоли ва мамлакат иқтисодиётининг энергияга бўлган талабини қондириш мақсадида соҳани тубдан ислоҳ қилишга йўналтирилган.

Ўзбекистоннинг энергетика сектори ривожланиши илғор халқаро амалиётга мувофиқ давом этади ва қабул қилинган стратегия электр энергияси соҳасидаги мавжуд натижалар ва амалга оширилаётган лойиҳаларга асосланган кенг кўламли, айни пайтда амалий ва эришиш мумкин бўлган мақсадларни кўзда тутади.

Стратегия 2020 йилдан 2030 йилгача бўлган даврга ўрта муддатли ва узоқ муддатли мақсадларни белгилайди ҳамда доимий таҳлил асосида заруриятга кўра таҳлил қилинади. Ҳужжатнинг стратегик мақсади – Ўзбекистон аҳолисини ва иқтисодиётини рақобатбардош нархлар асосида электр энергия билан таъминлаш, энг яхши жаҳон амалиётлари ва жаҳон электр энергетикасидаги замонавий тенденцияларни қамраб олувчи мувозанатланган энергетика секторни ривожлантиришдир.

Концепцияда мавжуд электрстанцияларини модернизация ва реконструкция қилиш, шунингдек электр энергия ишлаб чиқариш бўйича энергия самарадор технологиялардан фойдаланган ҳолда янги электр станцияларини қуриш, электр энергияси ҳисобини юритиш тизимини такомиллаштириш, қайта тикланадиган, айниқса, қуёш энергияси манбаларини ривожлантириш, тариф сиёсатини такомиллаштириш ва улгуржи бозорга чиқишни таъминлаш бўйича ҳуқуқий ислоҳотларни амалга ошириш каби устувор йўналишлар белгиланган.

2030 йилгача қуйидагиларни амалга ошириш режалаштирилган:

– электр энергия ишлаб чиқаришни 5900 МВт дан 29200 МВт гача кўпайтириш;

– электр энергиясини ишлаб чиқаришдаги табиий газ сарфини 16,5 миллиард метр кубдан 12,1 миллиард метр кубгача қисқартириш;

– электр энергияни узатишда йўқотишларни 2,35 фоизга, ва уни тақсимлашда – 6,5 фоизга камайтириш (2019 йилдаги даражани 1,85 маротаба камайтириш).

Қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантиришда ҳозирги пайтда электр энергияси тақчил бўлган ҳудудларни энергия таъминотини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилади. Қайта тикланадиган энергия манбалари экологик муҳитни, инфратузилмани яхшилашга, маҳаллий саноат тармоқлари унумдорлигини ошириш ва уларни рағбатлантиришга ва янги иш ўринларини яратишга хизмат қилади. Ушбу соҳада қайта тикланувчи энергия манбаларининг жадал ривожланишини таъминлаш мақсадида ушбу соҳада давлат-хусусий шерикчилигини кенг қўллаш чоралари белгиланди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net