Ўзбекистон-Япония сиёсий маслаҳатлашувлари давомида томонлар иқтисодий алоқаларнинг аввалги динамикасини тиклаш ва икки мамлакат ишбил

23.12.2020 14:35

ТОШКЕНТ, 23 декабрь. /«Дунё» АА/. Бугун видеоконференция шаклида Ўзбекистон Республикаси ва Япония ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувлар бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилишича, делегацияларга Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сидиқов ва Япония ташқи ишлар вазирлигининг Марказий Осиё бўйича Махсус вакили Шуичи Токуда бошчилик қилди.

Сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги Ўзбекистон – Япония стратегик шериклигини янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш, халқаро ташкилотлар ва кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил декабрь ойидаги Японияга расмий ташрифи ўзаро ишонч ва англашувнинг юқори даражасини ўрнатиш, кенг қамровли йўналишлар бўйича икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун муҳим бўлган механизмларни яратишга имкон берганини мамнуният билан эътироф этди. Олий даражада эришилган барча келишувларни амалга ошириш бўйича таъсирчан чора-тадбирлар қабул қилишнинг зарурлиги қайд этилди.

Бўлажак қўшма тадбирлар, жумладан, «Япония+Марказий Осиё» Мулоқоти доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликнинг жадвали ва ташкилий жиҳатлари кўриб чиқилди.

Томонлар иқтисодий муносабатларнинг аввалги ўсиш кўрсатгичларини қайта тиклаш ва икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштиришга қизиқиш билдирди.

Саноатни модернизациялаш, замонавий технологияларни жорий этиш орқали мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш борасида ҳамкорлик қилиш, энергетика, қишлоқ хўжалиги, таълим, соғлиқни сақлаш ва фан соҳаларида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалаларига муҳим эътибор қаратилди.

Яқинда Тошкентда Япониянинг «Digital knowledge» компанияси билан биргаликда очилган Рақамли университет таълим соҳасидаги ҳамкорликда муҳим лойиҳа бўлди. Бу университетда Япония олий таълим муассасаларининг дастури бўйича ўқиш онлайн тарзда олиб борилади.

Япониянинг «Яманаши Гакуин» компанияси билан қўшма университетни ташкил этиш бўйича яқин ҳамкорликни давом эттиришнинг муҳимлиги қайд этилди.

Маслаҳатлашувлар чоғида томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net