Ўзбекистон яна бир халқаро Битимга аъзо бўлди

31.03.2020 20:49

ТОШКЕНТ, 31 март. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон МДҲга аъзо давлатларнинг ёшлар билан ишлаш соҳасидаги ҳамкорлиги тўғрисида Битимга қўшилди. Бу воқеа мамлакатимиз Президентининг жорий йил 20 март куни эълон қилинган тегишли қарори асосида рўй берди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири ЎзА манбасига асосланиб.

Мазкур Битим 2005 йил МДҲ ҳукуматлараро кенгашининг Москвада бўлиб ўтган йиғилишида қабул қилинган, 2011 йил Минск шаҳридаги йиғилишда ушбу ҳужжатга тузатишлар киритилган. Ўзгаришлар протокол билан расмийлаштирилган.

Битим ёшлар билан ишлаш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, Ҳамдўстлик ҳудудида давлат идоралари ва ёшлар ташкилотларининг ўзаро алоқаларини жадаллаштиришга оид ташаббусларни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Томонлар зиммасига айни мақсадларни амалга ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш вазифаси юклатилган. Бу давлатлараро дастурлар ва алоҳида лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, ёшлар билан ишлаш соҳасида профессионал кадрлар тайёрлаш, ахборот алмашиш ва қўшма илмий тадқиқотлар олиб боришни назарда тутади.

Ёшлар сиёсати соҳасидаги ҳамкорликни мувофиқлаштириб бориш учун МДҲга аъзо давлатларнинг Ёшлар ишлари бўйича кенгаши фаолият юритмоқда. Мазкур тузилма тармоқлараро ҳамкорлик органи бўлиб, аъзо давлатларнинг мухтор вакилларидан, ҳар бир мамлакатдан 2 нафардан мутахассис ҳисобидан шакллантирилади. Мухтор вакиллар тегишли давлат идоралари ва ёшларнинг жамоат бирлашмалари аъзолари орасидан танлаб олинади. Кенгашда ҳар бир давлат биттадан овозга эга.

Кенгаш йиғилишлари зарурат туғилганда, аммо йилига камида 2 марта ўтказилади. Аъзоларнинг камида учдан бири розилиги билан навбатдан ташқари мажлис чақирилиши мумкин. Қарорлар тегишли масалалар муҳокамасида иштирок этаётган мухтор вакилларнинг камида 2/3 қисми овози билан қабул қилинади ва тавсиявий характерга эга бўлади. Қарорни маъқулламаган кенгаш аъзолари ўзларининг алоҳида фикрларини билдиришлари мумкин. Бу фикрлар йиғилиш протоколига киритилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net