Ўзбекистон «ХХI асрда туркий-венгер фольклор анъаналари» халқаро маданият фестивалида тақдим этилди

24.08.2021 16:31

ВЕНА, 24 август. /«Дунё» АА/. 18-22 август кунлари Будапештда Халқаро туркий маданият халқаро ташкилоти — ТУРКСОЙ ва Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (ТТДҲК) ваколатхонаси мазкур ташкилотга аъзо мамлакатлар элчихоналари билан ҳамкорликда «XXI асрда туркий-венгер фольклор анъаналари» халқаро маданий фестивалини ўтказди, деб хабар беради «Дунё» АА мухбири.

Фестиваль Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланди.

Ҳафталик давомида турли семинарлар, тақдимот ва маҳорат дарслари ўтказилди. Уларда венгер жамоатчилигига туркий халқларнинг маданий мероси ҳақидаги маълумотлар тақдим этилди.

Будапештнинг тарихий қисми – Буда қалъасида ҳунармандчилик кўргазмаси ташкил этилди. Ўзбекистон бўлмасида қўлда тикилган сўзаналар, кашталар, турли хил миллий либос ва матолар, ўзбекистонлик ҳунармандлар томонидан тайёрланган эсдалик совғалари намойиш қилинди. Ўзбекистон бўлмаси ҳафталик якунига қадар кўплаб меҳмонларнинг диққат марказида бўлди. Ўзбек миллий кийимларини тикиш бўйича маҳорат дарслари ўтказилди.

Туркий тилли давлатлардан келган усталар мармарга ишлов бериш, чарм тайёрлаш, заргарлик буюмлари ясаш ва гилам тўқиш каби анъанавий ҳунармандчилик соҳаларида ўз маҳсулотларини меҳмонларга тақдим этди.

Тадбир доирасида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо давлатлар санъат усталари иштирокида Будда қалъасининг очиқ майдонида катта концерт дастури намойиш этилгани баробарида модалар намойиши ҳам ўтказилди. Унда туркий халқларнинг миллий ашулалари, мусиқа ва  рақслари ижро этилди. Венгриялик санъат ихлосмандлари юртдошларимиз томонидан ижро этилган ўзбек миллий мақомлари, куй ва рақсларни, шунингдек, замонавий Ўзбекистон ҳудудида яшовчи халқларнинг анъанавий либослари тақдимотини катта қизиқиш билан томоша қилди.

Анжуманда ТУРКСОЙ Бош котибининг ўринбосари Билол Чакижи иштирок этди. У концерт аввалидаги чиқишида ТУРКСОЙ туркий дунёнинг маданий меросини халқаро миқёсда оммалаштириш ва келажак авлодлар учун сақлаб қолиш учун катта саъй-ҳаракатларни амалга ошираётганини таъкидлади.

Ўзбекистон элчиси Абат Файзуллаев, ўз навбатида, фестиваль иштирокчиларини қутлар экан, туркий ва венгер халқларининг маданияти, урф-одатларда бирн-бирига жуда яқин жиҳатлар мавжуд эканлиги ҳамда Венгриянинг Туркий кенгашга кузатувчи сифатида қўшилиши нафақат Венгрия билан ТТДҲК алоқаларини мустаҳкамлаши, балки ташкилотнинг бошқа Европа давлатлари билан ҳамкорлигини кенгайтиришга ҳам кўмаклашишини таъкидлади.

Анжуман якунида фахрий меҳмонлар фестиваль якунлари бўйича ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдирди.

ТУРКСОЙ Бош котибининг ўринбосари Билол Чакижининг айтишича,  мазкур халқаро маданият фестивали жуда юқори савияда ўтди. «Туркий кенгаш давлатлари вакиллари мамлакатларимизнинг бой маданиятини Будапешт аҳолисига юқори маҳорат билан кўрсата олдилар», - деди у.

Ўзбекистоннинг ТУРКСОЙ фаолиятидаги иштироки ҳақида гапирар экан, Бош котиб ўринбосари ўтган йили Хива шаҳри ТУРКСОЙ томонидан Туркий дунёсининг маданий пойтахти, деб эълон қилингани ва 2020 йилда ушбу тарихий шаҳарда қатор маданий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилганини айтди. Аммо пандемия билан боғлиқ қийин ҳолат туфайли бу тадбирларни ташкил этиш эпидемиологик вазият яхшилангунга қадар ортга сурилди. У ТУРКСОЙнинг келажакда Ўзбекистонда қатор маданий тадбирларни ўтказиш бўйича қизиқишини тасдиқлади.

ТТДҲКнинг Будапештдаги ваколатхонаси директори Янос Ховари ушбу  маданий тадбир Ўзбекистон ва Туркий кенгашнинг бошқа давлатлари мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида ўтказилаётгани венгер ва туркий халқларнинг маданий-маънавий яқинлаштиришга қаратилганини таъкидлади. Унинг айтишича, мазкур фестиваль ўзбек халқининг ранг-баранг маданияти, бой тарихи ва ўзига хос анъаналари билан танишиш учун ажойиб имконият яратди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net