Ўзбекистон ХМТнинг Европа ва Марказий Осиёга бағишланган минтақавий саммитида меҳнат бозорида пандемия таъсирига қарши курашиш тажрибас

02.07.2020 16:43

Тошкент, 2 июль. /«Дунё» АА/.  Чоршанба куни Халқаро Меҳнат Ташкилотининг Глобал саммити давомида Европа ва Ўрта Осиёда коронавирус пандемиясининг меҳнат бозорларига таъсирига қарши курашиш йўллари ва келгуси истиқболлари хусусида фикр алмашиш мақсадида минтақавий сессиялардан навбатдагиси ўтказилди, деб хабар қилади «Дунё» АА.

Видеомулоқот тарзида уюштирилган сессия ишида Швейцария, Швеция, Португалия, Белгия, Хорватия, ?спания, Россия ва Грузия давлатларининг меҳнат вазирлари, ишчилар ва иш берувчилар ташкилотлари раҳбарлари қатнашдилар.

Марказий Осиё минтақасидан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов иштирок этди. У тадбир иштирокчиларини мамлакат меҳнат бозорида коронавирус пандемияси оқибатларини бартараф этишнинг маҳаллий тажрибалари билан таништирди.

ХМТ кўмагида вазирлик COVID-19 пандемиясининг меҳнат бозорига таъсирини ўрганиш устида иш олиб бораётгани ва ўтказилган суров натижаларига кўра, инқироз иқтисодиётнинг бир қатор муҳим соҳаларида (хизмат кўрсатиш, қурилиш ва бошқа соҳалар) ишчиларни, айниқса, кичик бизнесда банд бўлган ёшлар ва аёлларни иш билан таъминлашга кучли салбий таъсир кўрсатгани қайд этилди.

Ўзбекистон томонидан қабул қилинган инқирозга қарши чоралар ХМТ нинг пандемияга қарши кураш борасида ишлаб чиққан тўрт асосий тамойилларига тўла мос келиши билан бирга, иқтисодиёт ва бандликни рағбатлантириш, ишлаб чиқариш корхоналарини, иш ўринларини ва даромадларни қўллаб-қувватлашга, шунингдек ишчиларни иш жойларида ҳимоя қилишга ва ўзаро ижтимоий мулоқотга қаратилган.

Видеомулоқот иштирокчиларининг эътибори Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимиз аҳолиси ва кам таъминланган оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган 10 триллион сўм миқдоридаги ?нқирозга қарши курашиш жамғармаси ва «Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоатчилик жамғармаси фаолиятига қаратилди.

Шу билан биргаликда, Ўзбекистон ҳукумати томонидан ижтимоий ахволи ва турмуш шароити оғирлашган оилалар бандлигини таъминлаш орқали уларга даромад манбаи яратишнинг вақтинчалик тартиби жорий этилди. Жамоат ишлари жамғармасининг маблағлари ҳисобидан 230 мингга яқин ишсиз ҳамюртларимиз иш билан таъминланди; 33 мингдан зиёд  оилалар кам таъминланган оилаларнинг шахсий томорқаларини ривожлантириш ва қишлоқ хўжалик кооперативларини ташкил этиш учун субсидиялар бериш механизми орқали таъминланди; аҳоли ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш учун берилган субсидиялар ҳисобига 3 минг нафар ишсиз иш билан таъминланди; 20 минг ишсизга ишсизлик бўйича нафақа берилди. Шундай қилиб, 374 минг фуқаро Меҳнат вазирлиги томонидан уч ой давомида бандлик ва доимий даромад билан таъминланди.

Айни вақтда ХМТ билан биргаликда Ўзбекистон меҳнат бозорида муҳим бўлган ташаббусларни амалга ошириш давом этмоқда, хусусан, Меҳнат кодексининг янги таҳрири ишлаб чиқилди, «Ахоли бандлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янгиланган лойиҳаси тайёрланиб, тасдиқлаш учун такдим этилди. Миллий бандлик стратегиясини ишлаб чикиш бўйича иш олиб борилмоқда.

Ўз нутқида Нозим Ҳусанов иш жойларида ишчиларни ҳимоя қилиш бўйича кўрилаётган чоралар ҳақида ахборот берди. Биринчи навбатда, Давлат меҳнат инспекцияси эпидемиология хизмати билан биргаликда корхоналарда санитария меъёрлари ва меҳнат хавфсизлигини таъминлаш тизими мониторинги йўлга қўйилди. Бугунги кунга қадар меҳнат инспекторларининг мониторинг гуруҳлари 5757 корхонада бўлиб, уларнинг 892 тасида хавфсизлик ва меҳнат гигиенаси меъёрларининг бузилишини аниқлаб, мавжуд муамморларни бартараф этиш бўйича тегишли тавсиялар берди.

Коронавирус пандемияси, шунингдек, амалдаги «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонунни қайта кўриб чиқиш зарурлигини кўрсатди. Норматив меъёрлар бугунги шарт-шароит ва халқаро андозалар талабларига мувофиқ ишчиларни ҳимоя қилиш ва муносиб меҳнат шароитларини ташкил этишни юқори даражада таъминлаши керак.

Пандемия даврида ноқонуний ишдан бўшатиш масалалари юзага келди, иш ҳақини, ҳомиладорлик ҳамда туғуруқ нафақасини тўлашдан бош тортиш ҳоллари кўпайди. COVID-19 пандемияси даврида Давлат меҳнат инспекцияси фуқароларнинг меҳнат қонунлари бузилиши ва иш жойида ҳуқуқни чеклашга оид 8,2 минг шикоятни кўриб чиқди, шундан 3 мингтаси аёллар томонидан юборилган. Текширувлар натижаларига кўра, 3,6 минг фуқаронинг, шу жумладан 1,2 минг аёлнинг меҳнат ҳуқуқлари тикланди.

Кўпгина корхона ва ташкилотлар карантин-чеклов чоралари шароитида ўз фаолиятларини масофавий ишлаш режимига мослаштирдилар. Бундай иш режимига ўтиш ва барча меъёрларга риоя қилишни таъминлаш мақсадида Меҳнат вазирлиги «Ходимларни масофавий иш усулига ўтказишнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги низом»ни ишлаб чиқди ва жорий этди.

Ўзбекистонда қонун устуворлиги, гендер тенглиги, иқтисодий фаолиятнинг барча жабҳаларида меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида халқаро меҳнат стандартларини мамлакатимиз қонунчилигига тадбиқ этиш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.

2019 йилда Ўзбекистан ХМТнинг 29-сонли Меҳнат Конвенциясига Протоколни ратификация қилган Марказий Осиёдаги ягона мамлакат бўлди. ХМТнинг «Уч томонлама маслаҳатлашувлар тўғрисида», 129-сонли «Қишлоқ хўжалигидаги меҳнат назорати тўғрисида» ва 81-сонли «Саноат ва савдо соҳасидаги меҳнат назорати тўғрисида»ги учта конвенцияси ратификация қилинди. Бу эса, ушбу соҳаларда бандлик ва ишчи кучи мониторингини кучайтиришга имкон яратди.

Айни пайтда ХМТнинг «?шлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларда ишчиларга товон пули тўлаш тўғрисида»ги 17-сонли, «Оналикни муҳофаза қилиш тўғрисидаги 1952 йилдаги конвенцияни қайта кўриб чиқиш тўғрисида» 183-сонли ҳамда  «Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасини таъминлаш асослари тўғрисида» 187-сонли навбатдаги учта конвенциясини ратификация қилишга ҳозирлик кўрилмоқда.

Коронавирус пандемиясининг дунё миқёсида кенг тарқалиши миллионлаб ишчилар ва корхоналарни хавф остига қўйиб, меҳнат бозорларининг заифлигини кўрсатди. Мунозаралар якунида ХМТнинг келгуси фаолияти бўйича минтақавий таклифларни ишлаб чиқиш, жумладан кейинги стратегик режа ва тадбирлар дастурини тайёрлаш режалаштирилди.

Эслатиб ўтамиз, 1-2 ва 7-9 июль кунлари Халқаро меҳнат ташкилоти Глобал Саммитининг минтақавий ва халқаро тадбирлари ўтказилади.  Мазкур тадбирлар доирасида иштирокчилар коронавирус пандемиясининг иқтисодий ва ижтимоий оқибатларини қандай енгиш кераклиги ҳамда COVID-19 пандемиясидан сўнг меҳнат бозорини тиклашнинг мумкин бўлган  муқобиллари билан боғлиқ масалалар муҳокама этилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net