Ўзбекистон «Virus-Free» халқаро туризм йўналишида биринчилардан бўлиши мумкин

05.05.2020 14:21

АНКАРА, 5 май. /«Дунё» АА/. Ўзбекистонда COVID-19 пандемияси оқибатларини юмшатиш борасидаги саъй-ҳаракатлар доирасида миллий иқтисодиётнинг асосий тармоқларини ривожлантиришни таъминлашда илғор усуллар («ноу-хау») ўрганилмоқда ва жорий этилмоқда. Хусусан, туризм соҳасида сайёҳлик саноати объектларини эпидемиялардан ҳимоя қилиш учун сертификатлаштириш тизимининг янги моделларини жорий қилиш режалаштирилган, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Бу борадаги вазифаларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан ҳамкорликда туркиялик мутахассислар билан видеоконференция шаклида музокаралар ўтказди.

Ундан кўзланган мақсад Ўзбекистонда туристик объектларнинг эпидемияларга қарши хавфсизлигини сертификатлаш бўйича Туркия тажрибасини ўрганиш ва Ўзбекистонда татбиқ этиш бўйича тажриба алмашишдан иборат. Шунингдек, мулоқот чоғида туризм соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Тадбирда яқин истиқболда Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (Т?КА) кўмагида туризм соҳаси вакиллари учун маълумотлар алмашиш ҳамда «VIRUS-FREE» – туристик объектларни сертификатлаш стандартларини ишлаб чиқишни синхронлаштириш учун веб-семинар ташкил этишга келишиб олинди.

Таъкидлаш жоиз, Туркия дунёда биринчилардан бўлиб сайёҳлик объектларини юқумли касалликлардан, шу жумладан коронавируснинг янги тури бўлмиш СOVID-19 дан сертификатлаш тизимини ишлаб чиқди. Бунинг учун тегишли вирусга қарши гигиена талаблари ишлаб чиқилди. «Virus Free System» сертификатлаш тизимини шу йилнинг май ойидан жорий этиш бошланади.

Тизим меҳмонларни қабул қилиш, турар жой ва дам олиш билан боғлиқ ҳаракатларни умумлаштиради. Сертификатлаштириш жараёни учта асосий босқичда амалга оширилади.

Янги тизимга кўра, транспорт воситалари, меҳмонхоналар, аэропортлар, ресторанлар, агентликлар, музейлар ва тарихий жойларда тозалаш ишларини олиб боришга алоҳида эътибор берилади. Бундан ташқари, туризм саноатининг барча ходимлари иммунитет тўғрисидаги гувоҳнома олишлари талаб этилади. Туроператорлар, шунингдек, тиббий инфратузилма инвентаризацияси, интенсив терапия ва оддий сунъий шамоллатиш аппаратларини ишлатиш бўйича кўникмаларни эгаллашлари лозим.

Ходимлар махсус тренинглардан ўтказилади. Унда мутахассислар пандемия шароитида ишлашга ўргатилади. Аэропортлар, меҳмонхоналар, ресторанлар, музейлар ва археологик жойларни ўз ичига олган инфратузилма объектлари ижтимоий масофани сақлаш учун мослаштирилади.

Ушбу сертификатлаштиришдан ўтиш бўйича меҳмонхоналарда ходимлар ва сайёҳларнинг хавфсизлиги учун ижтимоий масофани таъминлашга етарли жой бўлиши керак. Хусусан, «Швед столи» шаклидаги буфетлар фаолияти тақиқланади. Битта хонада стол ва стуллар сони камаяди, шунда улар орасида ижтимоий масофа етарли даражада сақланади.  Автобуслар сайёҳларни диққатга сазовор жойларга чекланган миқдорда олиб боришлари керак бўлади. Автобусларда сайёҳлар ўртасида ўртача  1,5-2 метр масофани таъминлаш шарт. Сайёҳлар ва ходимлар ҳароратини кузатиш учун пирометрлардан фойдаланилади. Тизимнинг барча иштирокчилари шахсий ҳимоя воситалари ва дезинфекция билан жиҳозланганлиги кафолатланади. Меҳмонхоналарда ва шунга ўхшаш муассасаларда, касаллик авж олган тақдирда қандай ҳаракат қилиш кераклигини биладиган хавф менежери бўлиши шарт.

Туркия ва Ўзбекистон тизимни муваффақиятли синаб кўриш бўйича янги стратегия устида ишламоқда.

Биринчи босқичда янги амалиёт ички туризм бозорида синовдан ўтказилади. ?ккинчи босқичда томонлар ушбу сертификат турини халқаро стандартга айлантиришга ҳаракат қиладилар.

«Virus Free System»нинг янги стандартларини амалга оширишда ҳамкор давлатлар, шунингдек, халқаро тузилмалар, жумладан, Жаҳон сайёҳлик ташкилоти, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, ?слом ҳамкорлик ташкилоти (SECTRIC, SMIIK), Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши ва бошқа тузилмалар салоҳияти жалб қилинади.

Туркия вице-президенти Ф.Октай 2020 йил 23 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири С. Умурзоқов билан онлайн музокаралар чоғида Турк томони Ўзбекистондаги лойиҳалардан бири сифатида янги сертификатлаш тизимидан фойдаланишни режалаштираётганини таъкидлади.

Хусусан, илгари Бухорода Туркия сармоясини жалб қилган ҳолда меҳмонхона қуришга келишиб олинган эди. Келажакда мазкур меҳмонхонага сертификат берилади ва у янги тизим бўйича дунёдаги биринчи лойиҳалардан бирига айлантирилади.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, СОVID-19 пандемияси тугагандан кейинги даврда Ўзбекистон сайёҳлар учун диққатга сазовор жойга айланади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net