Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида транспорт соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди

21.05.2020 13:33

ТОШКЕНТ, 21 май. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири ўринбосари Д/Деҳқонов ва «Туркманавтотранспорт» агентлиги раиси ўринбосари Ж.Гараев, шунингдек, икки мамлакатнинг темир йўл ва тегишли идора ҳамда ташкилотлари раҳбарлари иштирокида видеоконференция алоқа шаклида учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Транспорт вазирлиги манбасига асосланиб.

Учрашувда Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасида транспорт соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари, ушбу йўналишдаги мавжуд муаммолар, хусусан, коронавирус пандемияси сабаб амалиётга жорий этилаётган чеклов чоралари муҳокама қилинди.

«Туркманавтотранспорт» агентлиги раиси ўринбосари Ж.Гараев Турманистон томони коронавирус инфекциясининг мамлакатга кириб келиши ва қўшни давлатлар ҳудудига тарқалишининг олдини олиш юзасидан барча зарур чораларни кўраётганини таъкидлаб ўтди.

Айни пайтда Туркманистон чегараларини кесиб ўтувчи поезд ва юк машиналари учун Туркманбоши, Серхетяк, Гарабогаз, Фароб, ?момназар ва Серхетабат чегара пунктларида жами 6 та дезинфекцияловчи туннеллар ташкил этилган.

— Жорий ой охирига қадар Сарахс чегара-ўтказиш пунктида Эрон томони билан ҳамкорликда дезинфекция-фумигация мосламаларини фойдаланишга топшириш ва ушбу чегара-ўтказиш пункти орқали автомобиль ва темир йўл алоқаларини очишни режалаштиряпмиз, — деди Ж.Гараев.  

Ўзбекистон томони Эрон билан Туркманистон ўртасида темир йўл ва автомобиль йўллари орқали транспорт алоқаларининг тезроқ тикланиши барча томонлар учун манфаатли эканини таъкидлаб ўтди.  

Мулоқот чоғида Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири ўринбосари Д.Деҳқонов мамлакатларимиз ўртасида йўловчи ташишни ташкил этиш йўналишидаги ишларни фаоллаштиришни таклиф қилди.

Учрашувда томонлар, шунингдек, Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Ўмон транспорт йўлагининг барча иштирокчилари билан Ашхобод битими бўйича ишларни фаоллаштиришга келишиб олди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net