Ўзбекистон ва Озарбайжон туризм саҳосидаги ҳамкорликдан бирдек манфаатдор

21.04.2021 11:24

БОКУ, 21 апрель. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон элчиси Баҳром Ашрафхонов Озарбайжон давлат туризм агентлиги раиси Фуад Нагиев билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Учрашувда Ўзбекистон томонидан ички сайёҳлик салоҳиятини тарғиб қилиш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга оид ташаббуслар ҳақида фикр алмашилди. Шу нуқтаи назардан, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида хорижий сайёҳларни мамлакатга жалб қилиш бўйича фаол чоралар кўрилаётгани таъкидланди. Бу борада республика томонидан дунёнинг 86 давлати фуқаролари учун 30 кунлик визасиз режим жорий қилингани таъкидланди.

Фуад Нагиевга Ўзбекистон ҳукумати томонидан туризм соҳасини ривожлантириш ва миллий сайёҳлик компаниялари томонидан кўрсатиладиган хизматлар кўламини кенгайтиришга қаратилган қонунчилик базасини яратиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берилди.

Бухоро, Самарқанд, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларини хавфсиз туризм зоналари деб эълон қилиш, шунингдек, Тошкент вилоятида «Чорвоқ» эркин сайёҳлик зонасини яратиш, зиёрат туризмини тарғиб қилиш ва бошқа лойиҳалар қайд этилди.

Ўз навбатида, Фуад Нагиев Ўзбекистоннинг туризм соҳасида эришган ютуқларини юқори баҳолади. У ушбу йўналишда мамлакатда амалга оширилаётган чора-тадбирлар яқин келажакда сайёҳлар оқимининг кўпайиши учун мустаҳкам пойдевор яратишига ишонч билдирди.

Туризм соҳасидаги Ўзбекистон-Озарбайжон ҳамкорлиги мавзусига тўхталар экан, у ушбу йўналишда фойдаланилмаган катта салоҳият борлигини айтиб ўтди. ?кки мамлакат сайёҳлик компаниялари ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш, шу жумладан, жамоавий турларни амалга ошириш ва ўзаро тажриба алмашиш ушбу йўналишдаги ҳамкорлик янада ривож топишига ижобий таъсир кўрсатиши мумкин.

Учрашув якунида томонлар барча йўналишда сайёҳлик оқимини фаоллаштириш ва икки мамлакат туризм брендларининг халқаро майдонда тан олинишига кўмаклашиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни амалга оширишга келишиб олди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net