Ўзбекистон ва Британия шифокорлари COVID-19 га қарши кураш чораларини муҳокама қилди

03.05.2020 19:46

ЛОНДОН, 3 май. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси ва мамлакатимиз Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамкорлигида Ўзбекистон ҳамда Британия шифокорлари иштирокида онлайн видеоконференция ташкил қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

«Соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғинлари учун COVID-19 га қарши курашда Буюк Британия тажрибаси» мавзусида ўтказилган тадбирда ҳамкор мамлакат Қироллик умумий амалиёт шифокорлари коллежи ва Тошкент врачлар малакасини ошириш институти раҳбарлари, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг коронавирус хавфини бошқариш бўйича мувофиқлаштирувчилари, ҳудудлардан 200 дан ортиқ шифокор иштирок этди.

Унда икки мамлакат мутахассислари коронавирус билан касалланган беморлар профилактикаси, диагностикаси ва даволаш усуллари бўйича тажриба алмашди. Касаллик тарқалишининг олдини олишда туман клиникалари ва оилавий шифокорларнинг ўрнига алоҳида эътибор қаратилди.

Британия Қироллик умумий амалиёт коллежи президенти Аманда Хоу мамлакат тиббиётидаги бирламчи ёрдамни ташкил этиш тизими, пандемияда оилавий поликлиникаларнинг ишлаш хусусиятлари ҳақида батафсил сўзлаб берди. У британиялик шифокорларнинг янги турдаги вирусга қарши курашда дуч келган муаммоларга тўхталиб, касалликнинг маҳаллий жамоалар орасида тарқалишига йўл қўймасликка оид қатор тавсиялар берди.

Шу билан бирга, британиялик шифокорлар Ўзбекистонда COVID-19 билан курашишда кўрилган чора-тадбирларни юқори баҳолади.

Видеоконференция якунида COVID-19 билан курашишда доимий тажриба алмашиш, шифокорлар малакасини оширишда ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олинди.

Таъкидлаш жоиз, Қироллик умумий амалиёт коллежи Буюк Британияда бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш соҳасида йирик профессионал ташкилот бўлиб, 50 мингдан ортиқ аъзосига эга. Муассаса уларга лицензия олиш, таълим ва илмий изланишларда ёрдам беради ҳамда умумий амалиёт шифокорлари учун клиник стандартларни ўрнатади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net