Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада жадаллаштириш истиқболлари муҳокама қилинди

24.12.2021 12:34

ТОШКЕНТ, 24 декабрь. /«Дунё» АА/. «Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида туризм соҳасида ҳамкорлик истиқболлари» мавзусида видеоконференция ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ўзбекистон туризм ва спорт вазирлигидан олинган маълумотга кўра, онлайн-анжуманда  вазирнинг биринчи ўринбосари Улуғбек Аъзамов хорижий ҳамкорлар билан мамлакат сайёҳлик салоҳияти ва республикада туризмни ривожлантириш, пандемия даврида хусусий секторни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари, сайёҳларни қабул қилиш учун яратилган шарт-шароитлар, туризм инфратузилмасини ривожлантириш, логистика, туризм хизматларини диверсификация қилиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида сўзлаб берди.

 Мамлакатимизнинг Беларусдаги элчихонаси маслаҳатчиси Раҳматулла Назаров тадбирдан мақсад ҳар иккала давлат ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш заруратини алоҳида қайд этди.

«Uzbekistan Airways» АЖнинг Минск шаҳридаги вакили бугунги кунда Беларусь сайёҳлари ва гуруҳ бўлиб саёҳат қилувчилар учун авиакомпания томонидан махсус тарифлар жорий этилганлиги маълум қилди.

 Видеоконференцияда туризм соҳасидаги ҳамкорликка доир тақдимотлар ва видероликлар намойиш этилди, мамлакатда ривожланиб бораётган туризм турлари, хусусан, маданий-тарихий, зиёрат, гастрономик, эко-, агро, қишки ва этнотуризм йўналишлари салоҳияти тақдимоти ўтказилди.

 Ўзбекистон томонидан форум иштирокчиларига республикамизда халқаро стандартларга жавоб берувчи санитария-эпидемиология хавфсизлигининг янги  «Uzbekistan. Safe Travel GUARANTEED» тизими асосида амалга оширилаётган лойиҳалар, хусусан Беларусдан келган хорижий меҳмонларнинг хавфсиз бўлишини таъминлаш чоралари тўғрисидаги батафсил маълумотлар тақдим этилди. Шунингдек, икки томонлама ҳамкорликни туризмнинг барча йўналишлари бўйича янги босқичга олиб чиқиш ҳамда амалий ишларни жадал суръатларда давом эттириш кераклиги таъкидланди.

«Ҳамкорликни ўзаро манфаатли равишда йўлга қўйиш, туризм соҳасидаги хизматлар истеъмолини тез муддатда пандемиягача бўлган туристик алмашинув даражасига тиклаш олдимиздаги энг муҳим вазифалардан бири ҳисобланади», - деди  Беларусь спорт ва туризм вазири ўринбосари М.Портной ўз маърузасида.

 Онлайн-мулоқот давомида «Минск шаҳри ахборот маркази» ва Беларусь туризм индустрияси  вакиллари томонидан Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида ҳамкорликнинг янги имкониятларига бағишланган тақдимотлар ўтказилди.

Видеоконференция якунлари бўйича томонлар туризм соҳасида ҳамкорликни, туристлар оқимини кўпайтириш,  тур компаниялар ўртасида B2B форматидаги музокаларни йўлга қўйиш, авиапарвозларни қайта тиклаш ва кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга оширишда ва қўллаб-қувватлашга келишиб олинди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net