Ўзбекистон туроператорлари 2-4 сентябрь кунлари Куала-Лумпурда бўлиб ўтадиган «МАТТА FAIR 2022» сайёҳлик ярмаркасида иштирок этади

21.07.2022 13:51

КУАЛА-ЛУМПУР, 20 июль. /«Дунё» АА/. Кеча мамлакатимиз элчихонасида Ўзбекистон ва Малайзия туроператорлари ўртасида онлайн шаклдаги “B2B” учрашуви ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Тадбирда Ўзбекистон туризм ва маданий мерос вазири маслаҳатчиси Темур Мирзаев, Малайзия сайёҳлик компаниялари ва туроператорлари ассоциацияси (MATTA) президенти ўринбосари Моҳд Акил Бин Моҳд Юсуф, шунингдек, икки давлатнинг 100 дан ортиқ сайёҳлик компанияси вакиллари иштирок этди.

Малайзия томони учун Ўзбекистоннинг бой маданий мероси ва сайёҳлик салоҳияти, туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича амалга ошираётган комплекс чора-тадбирлар тақдимот ўтказилди. Хусусан, Самарқанд шаҳрида замонавий аэропортнинг муваффақиятли ишга туширилгани ҳамда минтақадаги энг йирик «Silk Road Samarkand» халқаро сайёҳлик маркази лойиҳаси ҳақида тадбир иштирокчиларига маълумот берилди.

МАТТА президенти ўринбосари Ўзбекистоннинг бой маданияти, меъморий мероси, бетакрор табиати, кўп асрлик меҳмондўстлик анъаналари ва гастрономияси билан намоён бўлган сайёҳлик маҳсулотларини юқори баҳолади. Шу билан бирга, у Ўзбекистон Туризм ва маданий мерос вазирлиги томонидан маҳаллий реклама агентликлари билан ҳамкорликда малайзиялик истеъмолчилар учун мақсадли маркетинг кампанияларини ишлаб чиқиш ва йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади.

9 июль куни Ўзбекистон элчихонаси кўмагида «Malaysia Airlines» авиакомпанияси ва «Osmon Aero» туроператорининг Тошкент ва Куала-Лумпур шаҳарлари ўртасидаги тўғридан-тўғри чартер рейслари тақдимоти ташкил этилди.

Малайзия томони «MATTAonline.travel» виртуал платформасида Ўзбекистоннинг туристик йўналишлари ва пакетларини тарғиб қилишга тайёрлигини билдирди. Ушбу веб-хизматнинг туроператорлар томонидан якуний истеъмолчи-саёҳатчиларга («B2C» – Business-to-consumer) ўз маҳсулотларини сотиш имкониятлари тақдим этилди.

Ушбу онлайн-платформада фақат Малайзия компаниялари иштирок этиши мумкинлигини ҳисобга олиб, МАТТА ўз аъзолари ва Ўзбекистон туроператорларини Малайзия бозорининг талаб ҳамда манфаатларини ҳисобга олган ҳолда қўшма турпакетларни ишлаб чиқишга ва уларни илгари суриш учун янги платформадан фаол фойдаланишга чақирди.

Тадбир якунида икки давлат сайёҳлик компаниялари ўртасида тўғридан-тўғри шериклик алоқаларини фаоллаштириш, шунингдек, Ўзбекистон туроператорларининг 2-4 сентябрь кунлари Куала-Лумпур шаҳрида бўлиб ўтадиган «МАТТА FAIR-2022» сайёҳлик ярмаркасида иштирок этиши, 16-18 ноябрь кунлари ташкил этиладиган Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркасида Малайзия вакилларининг иштирок этиши юзасидан келишувларга эришилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net