Ўзбекистон туркиялик инвестор нигоҳида

25.09.2020 14:47

АНҚАРА, 25 сентябрь. /«Дунё» АА/. Туркия ишбилармонларининг Евроосиё иқтисодий алоқалар уюшмаси (EcoAvrasya) интернет саҳифасида «Kanimed Saglik Сozumleri» компанияси Бош директори Филиз Ердоғаннинг Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг  БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясида илгари сурган ташаббусларига бағишланган мақоласи чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Қайд этиш жоиз, тадбиркор Ўзбекистон мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан I даражали «Саломатлик» ордени билан тақдирланган. У Ўзбекистонда самарали инвестиция фаолиятини юритиб келаётган хорижлик ишбилармонлардан биридир.

Қуйида “EcoAvrasya” интернет саҳифасида эълон қилинган мақоланинг ўзбек тилидаги таржимаси келтирилади.

“Ўзбекистонга 2018 йилда келдик ва бу ерда инвесторлар учун зарур шароитлар яратилганига амин бўлдик. Мамлакатнинг улкан салоҳиятга эга экани, демократик тамойилларнинг мустаҳкамланиши, хавфсизлик масалаларига алоҳида аҳамият берилишига гувоҳ бўлдик. Ушбу қардош мамлакатда ўз бизнесимизни йўлга қўйганимиздан хурсандман.

Бугунги янги Ўзбекистон халқаро молиявий тизимга мослашган, ҳуқуқий жиҳатдан инсон ўзини хотиржам ва хавфсиз ҳис қиладиган, инвестиция киритиш орқали фойда олишга ишонч бўлган мамлакатдир.  Шу боис бугунги кунда Туркиянинг қатор компаниялари катта ишонч билан Ўзбекистон бозорига киришга тайёр.

Муҳтарам Президент Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқини Ўзбекистонга меҳр қўйган инвестор сифатида катта қизиқиш билан қарши олдим.

Маърузада таъкидланганидек, янги Ўзбекистон демократик ислоҳотларни ривожлантирмоқда, эркин парламент сайловлари такомиллаштиряпти, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда.

Ўзбекистонда гендер тенглиги масаласи устувор аҳамиятга эга. Мамлакат парламентидаги хотин-қизлар сони икки баробар ошгани, оилаларда аёллар мавқеи оширилаётгани янги Ўзбекистон тушунчасини янада чуқур англашга имкон бермоқда. Аёл инвестор сифатида Ўзбекистонда ишбилармон хотин-қизлар фаолиятини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганига гувоҳман.

Муҳтарам Президент ўз нутқида айтиб ўтганидек, амалга оширилган ҳуқуқий ислоҳотлар ва судлар мустақиллигини таъминлаш йўлидаги қадамлар нафақат оддий инсонлар, балки тадбиркорлик субъектларининг хавфсизлиги, қонуний ҳуқуқлари таъминланишга имкон бермоқда.

Шунингдек, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари борасида мавжуд бўлган салбий ҳолатлар бартараф этилмоқда. Бугунги кунда мамлакатда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига йўл қўйилмаслик бўйича қатъий чоралар кўрилмоқда. Бу борада тегишли комиссиялар ташкил этилиб, жиддий назорат олиб борилмоқда.

Ўзбекистон бугун ташаббускор ёшлар билан порлоқ истиқболга юз тутмоқда. Мамлакатда том маънодаги иқтисодий ишонч муҳити мустаҳкамланмоқда.

Ўзбекистоннинг яқин қўшни давлатлар билан дўстона алоқалари, ташқи сиёсатдаги тинчликпарвар мавқеи минтақа ва глобал тинчликка  муносиб ҳисса бўлиб қўшилмоқда.

Бугун дунё ҳамжамияти пандемия оқибатлари билан курашмоқда. Ўзбекистон олимлари COVID-19 коронавируси кенг тарқалишининг олдини олиш бўйича муваффақиятли ҳамкорликни йўлга қўйган. Ушбу соҳада даволаш усулларини такомиллаштириш, вакцина ва дори-дармонлар яратиш ишлари давом эттирилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, янги Ўзбекистон тушунчаси ҳар қандай дин ёки миллатга мансуб инсон эмин-эркин яшайдиган, миллатчилик ва диний экстремизм каби нохуш ҳолатлар кузатилмайдиган юксак маданиятли мамлакатни ифода этади. Мамлакат халқи меҳмондўст ва унинг ҳар бир гўшасига хотиржам саёҳат қилишингиз, ишлашингиз, яшашингиз мумкин.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net