Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Фурқат Сидиқов: Янги таҳрирдаги ташқи сиёсий фаолият Концепцияси Ўзбекистоннинг халқаро им

19.02.2021 14:03

ТОШКЕНТ, 19 февраль. /«Дунё» АА/. Бугун Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Мамлакатимиз олиб бораётган очиқ, прагматик, ва амалий ташқи сиёсатни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолият концепциясини такомиллаштириш борасида белгиланган устувор вазифалар” мавзусидаги матбуот анжумани бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбирлари Музаффар Комилов ва Анвар ?лёсов (фото).

 

Оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳузурида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Фурқат Сидиқов нутқ сўзлади.

Қуйида ушбу нутқнинг тўлиқ матни келтирилмоқда.

“Ассалому алайкум, ҳурматли брифинг иштирокчилари!

Мамлакатимизда кейинги йилларда ташқи сиёсат соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар минтақамизда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги салоҳиятини кенгайтиришга ва хорижий давлатлар билан кенг қамровли ҳамда ўзаро манфаатли алоқаларини ривожлантиришга хизмат қилиб келмоқда. 

Давлатимиз Конституцияси Ташқи сиёсат бобининг 17-моддасида “Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъектидир. Унинг ташқи сиёсати давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг дахлсизлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик қоидаларига ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган бошқа қоидалари ва нормаларига асосланади. Республика давлатнинг, халқнинг олий манфаатлари, фаровонлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида иттифоқлар тузиши, ҳамдўстликларга ва бошқа давлатлараро тузилмаларга кириши ва улардан ажралиб чиқиши мумкин” деб белгиланган.

Сўнгги йилларда муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистон ҳаётининг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий-маърифий ва бошқа соҳаларида муҳим ва долзарб улкан ислоҳот ҳамда ўзгаришлар изчил амалга оширилмоқда. 

Давлатимиз раҳбари томонидан, Ташқи сиёсий фаолиятимизни устувор тамойилларидан бири деб, биринчи навбатда, минтақамизда, хусусан, қўшни Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон Республикалари ва Туркманистон билан ҳамда жаҳоннинг етакчи мамлакатлари (Россия, Америка Қўшма Штатлари, Хитой, шунингдек, Осиё, Европа ва Яқин Шарқдаги қатор давлатлар) билан очиқ, прагматик ва амалий ёндашув асосида, икки ҳамда кўптомонлама, барча йўналишлардаги муносабатларимизни ривожлантириш ва кенгайтириш белгиланган.

Бундан ташқари, 2020 йилда пандемия оқибатида юзага келган халқаро миқёсдаги иқтисодий ва ижтимоий қийинчиликлар, айрим минтақалардаги умумий аҳвол ва давлатлараро муносабатларнинг кескинлашиши ташқи сиёсатимиздан янги мақсад ва ёндашувларни талаб этмоқда.

Ушбу фикр ва мулоҳазалардан келиб чиқиб, муҳтарам Президентимиз 2020 йил 29 декабрда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида Ташқи ишлар вазирлигининг устувор ва долзарб вазифаларидан бири сифатида “Ташқи сиёсий фаолият концепция”сини янада такомиллаштириб, унинг янги таҳририни ишлаб чиқишни белгилаб берди.

Мазкур топшириқнинг ижроси юзасидан мутасадди вазирлик ва идоралараро махсус ишчи гуруҳ тузилиб, тегишли ишлар жадал амалга оширилмоқда.

Юқорида зикр этилган талаблар, кутилаётган таҳдидлар ва вужудга келаётган имкониятларни инобатга олган ҳолда, янги таҳрирдаги “Ташқи сиёсий фаолият концепция”сининг асосий мақсад ва вазифалари, деб қуйидагилар белгиланган:

- замонавий халқаро шароитлардаги ташқи сиёсий, ташқи иқтисодий соҳаларда Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларини илгари суриш;

- 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг самарали бажарилишини таъминлаш;

- мамлакатимизнинг миллий хавфсизлиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини мустаҳкамлаш;

- Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатининг устувор йўналиши – Марказий Осиёда доимий тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш, минтақа давлатлари билан яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, барча минтақавий ва икки томонлама муаммоларни конструктив ёндашув, ўзаро ҳурмат ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, оқилона муроса ва умумий жавобгарлик асосида биргаликда ҳал этишни таъминлаш;

- Ўзбекистон Республикасининг халқаро майдондаги имижи, ўрни ва обрўсини мустаҳкамлашга қаратилган барча давлатлар ва нуфузли халқаро ташкилотлар билан стратегик ҳамкорлик ва дўстлик муносабатларининг барқарор тизимини барпо этиш.

Шу билан бирга, янги таҳрирдаги Концепцияда ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий вазифаларнинг иерархияси кенгайтирилиб, бир қатор қуйидаги масалалар,  яъни:

- жаҳон сиёсатининг маданий-цивилизациявий ва гуманитар қисми, диний омил, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш;

- Ўзбекистоннинг хориждаги фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлаш, хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан мулоқот ва ҳамкорликни ривожлантириш;

- янги муҳим халқаро тенденциялар, шу жумладан, иқтисодий, табиий-хомашёвий, технологик ва ахборот омилларининг аҳамиятини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хулоса сифатида шуни таъкидлаш жоизки, янги таҳрирдаги Ташқи сиёсий фаолият Концепцияси:

- хорижда Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларини тизимли равишда илгари суришга; 

- хорижий мамлакатлар билан дўстона, тенг ҳуқуқли муносабатларни ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни муттасил ва изчил ривожлантиришга;

- Ўзбекистон Республикасининг халқаро иқтисодий муносабатлар тизимига чуқур интеграциялашуви ва халқаро рақобатбардош миллий иқтисодиётни юксалтириш учун қулай ташқи шарт-шароитларни яратишга;

- минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, Марказий Осиёда самарали минтақавий ҳамкорлик тизимини шакллантиришга;

- Ўзбекистон Республикасининг хориждаги фуқаролари ва юридик шахсларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш фаолиятини тубдан яхшилашга;

- Ўзбекистон Республикасининг халқаро имижи ва нуфузини янада мустаҳкамлашга мўлжалланган.

Ташқи сиёсий фаолият концепцияси лойиҳаси идоралараро келишувдан ўтган ва Вазирлар Маҳкамасига кўриб чиқиш учун киритилган. Ҳужжат лойиҳаси ўрнатилган тартибда қабул қилинади.

 

Ҳурматли журналистлар!

Эътиборингизга мамлакатимизнинг Марказий Осиё мамлакатлари билан яқин муносабатлари ҳақида қисқача тўхталиб ўтмоқчиман.

Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатининг устувор йўналиши Марказий Осиё минтақаси, биринчи навбатда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон каби қўшни давлатлар билан узоқ муддатли ва манфаатли муносабатларни кенгайтириш ва ривожлантириш ҳисобланади.

Сўнгги йилларда муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ташаббуси билан минтақанинг барча мамлакатларига юқори даражадаги ташрифлар амалга оширилди. Мазкур ташрифлар давомида Марказий Осиё мамлакатлари учун ўзаро манфаатли бўлган хавфсизлик, иқтисодиёт, инвестиция, маданият ва экология масалалари бўйича қарорлар қабул қилинди.

Бунинг натижаси ўлароқ тарихан қисқа вақт ичида Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги муносабатларнинг яхши томонга бурилишига сабаб бўлган улкан ўзгаришлар рўй берди.

Минтақада мутлақо янги, ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган сиёсий муҳит ва геосиёсий реаллик шаклланди.

Марказий Осиё давлатлари юзага келадиган ҳар қандай муаммоларни тинчлик йўли билан, музокарлар асосида ва ўзаро манфаатли тарзда ҳал қилиш мумкинлигини бутун дунёга намоён этдилар. Бундай ютуқнинг асосида, табиийки, минтақа давлатлари раҳбарлари ўртасида сиёсий мулоқот ва ўзаро ишонч ётади.

2021 йили ҳам мазкур йўналишдаги проактив дипломатик фаолият давом эттирилади. Масалан, хабарингиз бор,

2021 йилнинг 16-18 февраль кунлари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири А.Ҳ.Комиловнинг Тожикистон, Туркманистон ва Қозоғистонга амалий ташрифи ташкил этилди. Музокаралар мобайнида минтақавий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари, шунингдек, Марказий Осиёнинг глобал иқтисодий жараёнлар ва транспорт йўлакларига интеграцияси масалалари муҳокама қилинди.

Бу каби ташрифлар ва дипломатик чора-тадбирлар давом эттирилади. Қўшни мамлакатлар билан сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ҳар томонлама кенгайтириш, ҳудудлар ва халқларо ўртасидаги алоқаларни жадаллаштириш, давлатлараро чегаралалар бўйича музокараларни давом эттириш йўлида жадал ишларни олиб борамиз.

Ушбу мақсад ва вазифалардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Президентининг ташаббуси асосида 2020 йили минтақамизда ягона бўлган Марказий Осиё халқаро илмий-тадқиқот инситутига асос солинди.

Жорий йилда Ўзбекистонда “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзуида халқаро конференцияни юқори даражада ташкиллаштириш борасида ишлар олиб борилмоқда.

 

Ҳурматли анжуман иштирокчилари!

Мамлакатимизнинг ватандошлар билан ишлаш соҳасида олиб бораётган ишлар сизларни қизиқтириши табиий. Шу боис мазкур йўналишга алоҳида тўхталиб ўтсам.

Айни шу йўналишда ҳукуматимиз томонидан қатор ҳужжатлар қабул қилинди. Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепцияси ишлаб чиқилиб тасдиқланди.

Муҳтарам Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Ватандошлар” жамғармасини тузиш таклифи билдирилганидан яхши хабарингиз бор. Бу ташаббус хориждаги ҳамюртларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар билан ҳамкорликни ҳамда алоқаларни янада мустаҳкамлашга, ривожлантиришга қаратилган. Айни пайтда жамғарма фаолиятини йўлга қўйиш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.

Кейинги йилларда кўплаб ватандошларимиз юртимизга қайтиб, турли соҳалар ривожига ўз ҳиссаларини қўшмоқда. Ҳозирда уларнинг 150 нафардан ортиғи раҳбар ҳамда масъул лавозимларда фаолият юритиб келмоқда.

Бундан ташқари, хориждаги ватандошлар орасидан салоҳиятли инвесторлар, малакали мутахассислар, халқаро ташкилотлар вакиллари, олим ҳамда иқтидорли талабалардан иборат 30 дан зиёд хориж давлатларида истиқомат қилаётган 480 дан ортиқ ватандошлар рўйхати шакллантирилди.

Шу кунга қадар рўйхатдаги ватандошларнинг катта қисми билан видеомулоқотлар ўтказилди. Улар томонидан билдирилган лойиҳавий таклифлар вилоятлар ҳокимликлари ҳамда тегишли вазирлик ва идоралари билан бирга амалиётга татбиқ этиш учун ишлаб чиқилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Ташқи сиёсий фаолияти концепциясида хорижда истиқомат қиладиган ватандошларимиз манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни қўллаб қувватлаш, Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ва унинг хорижий мамлакатлар билан ўзаро манфаатли, дўстона муносабатларини қуришга ўз ҳиссасини қўшмоқчи бўлган ватандошларга имкониятлар яратиш масалаларига алоҳида тўхтаб ўтилган.

Бу йўналишда хориждаги ватандошларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишга кўмаклашиш, ватандошларнинг Ўзбекистон маданий, илмий ва маънавий меросини кенг тарғиб қилишга, уни жаҳон миқёсида ўрганиш ва оммалаштиришга, ўзлари истиқомат қилаётган давлатларида ўзбек тили, маданияти ва анъаналарини сақлаб қолиш ва ривожлантириш борасидаги фаолиятларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади.

Шунингдек, ҳужжат лойиҳасида ватандошлар ҳамда улар тузган ташкилотлар, жумладан, миллий маданий марказлар билан алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, ватандошларнинг салоҳиятини Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ва умумий-сиёсий ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга, Ўзбекистон Республикасининг халқаро нуфузини янада мустаҳкамлашга жалб қилиш вазифалари белгилаб қўйилган.

 

Ҳурматли журналистлар!

Марказий Осиёни Ҳинд океани билан боғлайдиган Транс-афғон транспорт йўлагини барпо этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам айтиб ўтсам.

Афғонистон билан алоқаларни изчил ва ҳар тарафлама кенгайтиришдан манфаатдормиз. Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши минтақанинг барқарор иқтисодий ўсиши, гуллаб-яшнаши ва фаровонлигини таъминлаш бўйича ўзаро ҳамкорликнинг мустаҳкам асосларини шакллантириш учун уникал стратегик имконият яратади.

Амалий ҳаракатлар доирасида, биринчи галда, минтақалар ўртасидаги кенг иқтисодий ва савдо-сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш ишлари фаол давом эттирилмоқда. Ушбу йўналишда асосий вазифаларимиздан бири, бу Ўзбекистоннинг транспорт салоҳияти ва имкониятларини кенгайтиришдир. Ҳозирги кунда Марказий Осиёни Ҳинд океани билан боғлайдиган Транс-афғон транспорт йўлагини барпо этиш борасида дастлабки келишувларга эришилган. Бу лойиҳани амалга ошириш яқин муддатлардаги ташқи сиёсатимизни устувор мақсадларидан бири бўлиб қолади.

Покистон денгиз портларига чиқиш имкониятини берадиган “Мозори-Шариф – Кобул – Пешавор” темир йўлини қуриш лойиҳасининг барча жиҳатларини муҳокама қилиш ва амалга ошириш бўйича бир қатор ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, уч давлат Транспорт вазирлиги ва мутасадди ташкилотлари вакиллари иштирокида ?шчи гуруҳлар ташкил этилди.

Лойиҳанинг амалга оширилиши бўйича ишлар изчил давом эттирилмоқда.

 

Қадрли оммавий ахборот воситалари вакиллари!

Бугунги кунда Оролбўйи минтақасида инсон хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўп томонлама Траст фонди доирасидаги амалий ишларни янада кучайтириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар муҳим аҳамият касб этмоқда.

БМТ шафелигида тузилган Оролбўйи минтақаси учун ?нсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст жамғармаси 2018 йилда ўз фаолиятини бошлади.

Ҳозирги кунга қадар Траст жамғармаси фаолияти учун жами 26,1 млн АҚШ долларига тенг маблағ жалб қилинган.

Маълумот учун: Норвегия – 1,1 млн. доллар, Финляндия – 1 млн. евро, Бирлашган Араб Амирликлари – 10,7 млн. доллар, Япония – 3,2 млн. доллар, Жанубия Корея – 1 млн. доллар, Европа ?ттифоқи – 5,5 млн. доллар.

Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ваколатхоналари орқали Траст жамғармасига янги молиявий маблағларни жалб этиш мақсадида потенциал донорлар ва хайрия жамғармалар билан тизимли ишларни давом эттирмоқда.

 

Эътиборингиз учун раҳмат!”

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net