ТОШКЕНТ, 26 январь. /«Дунё» АА/. Кеча Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фарҳод Арзиевнинг Хитой элчиси Цзян Янь билан учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Томонлар ўзаро ҳамкорликка оид масалаларни муҳокама қилиб, иқтисодий дипломатия соҳасидаги муносабатларни янада кенгайтириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратди.
Хусусан, Ўзбекистон минтақаларининг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, ўзаро иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш йўлида рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш, шунингдек, ривожланиш соҳасида илғор Хитой тажрибасидан фойдаланишга қаратилган қўшма тренинглар ўтказиш бўйича фикр алмашилди.
Учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.