Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Сеулда Жанубий Корея Миллий Ассамблеяси Спикери билан учрашди

27.11.2020 13:03

ТОШКЕНТ, 27 ноябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов кеча «Корея Республикаси – Марказий Осиё» 13-ҳамкорлик форумида иштирок этиш учун Сеул шаҳрига келган Марказий Осиё давлатлари делегациялари раҳбарлари таркибида Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Спикери Пак Бён Сок билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Т?В хабарига кўра, суҳбат аввалида вазир Пак Бён Сокни Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Спикери этиб сайлангани билан табриклади ва масъулиятли фаолиятида муваффақиятлар тилади.

Томонлар Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида алоҳида стратегик шериклик мақомидаги икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.

Вазир Жанубий Корея томонининг COVID-19га қарши курашда кўрсатган гуманитар ва маслаҳат ёрдами учун миннатдорлик билдирди.

Мулоқот чоғида парламентлараро алоқаларни янада мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бунда дўстлик гуруҳлари асосий боғловчи ва мувофиқлаштирувчи роль ўйнаши қайд этилди.

Жанубий Корея томонига давлат бошқаруви тизимини ва суд-ҳуқуқ соҳани такомиллаштириш, манзилли ижтимоий сиёсат олиб бориш, иқтисодиётни либераллаштириш ва инвестиция муҳитини яхшилашга қаратилган Ўзбекистонни янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг амалга оширилиши тўғрисида маълумот берилди.

Учрашувда икки мамлакат ўртасида савдо, инвестиция, молия, таълим, фан ва тиббиёт соҳаларида ўзаро алоқаларни ривожлантириш бўйича таклифлар ҳам кўриб чиқилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net