Ўзбекистон – Таиланд дипломатик алоқалар ўрнатилганига 28 йил

06.05.2020 14:02

ТОШКEНТ, 6 май. /«Дунё» АА/. 6 май – Ўзбекистон Республикаси билан Таиланд Қироллиги ўртасида дипломатия муносабатлар ўрнатилган кун.

Таиланд Қироллиги иқтисодиёти бўйича Жануби-Шарқий Осиёда иккинчи ўринда туради ва Ўзбекистоннинг ушбу минтақадаги муҳим халқаро шерикларидан биридир.

Турли даражадаги сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий алоқалар барқарор суръатлар билан ривожланмоқда. ?кки томонлама ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Таиланд ҳукуматлараро комиссияси ушбу алоқалар ривожланишига муҳим ҳисса қўшмоқда.

Мамлакатлар глобал миқёсда, хусусан, БМТ доирасида туризм, маданият, спорт, сармоя, одам савдосига қарши кураш, гиёҳванд моддалар савдоси ва диний экстремизм каби кўплаб масалаларда ҳамкорлик қилмоқда.

Сўнгги йилларда турли даражалардаги ўзаро ташрифлар сезиларли даражада фаоллашди. Хусусан, Ўзбекистоннинг инвестициялар ва ташқи савдо, ташқи ишлар, инновацияларни ривожлантириш масалаларига масъул вазирликлари, прокуратура, ички ишлар органлари, шунингдек, ишбилармонлар Таиланддаги турли халқаро тадбирларда иштирок этиб, ўзаро тажриба алмашишмоқда, бизнес алоқаларини ўрнатмоқда.

Ўз навбатида, Таиланд ишбилармон доираларининг Ўзбекистондаги шериклари билан ҳамкорликни кенгайтиришга қизиқиши тобора ортиб бормоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда Таиланд сармояси иштирокида 20 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилмоқда, тўлиқ Таиланд капитали иштирокида ташкил қилинган 6 корхона фаолият кўрсатмоқда.

Агросаноат, озиқ-овқат, кимё, тўқимачилик, сайёҳлик, фармацевтика, виночилик, машинасозлик каби соҳалар икки мамлакат иқтисодий ҳамкорлигининг истиқболли йўналиши ҳисобланади. Сўнгги икки йилда Қиролликнинг бир қатор делегациялари ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш учун мамлакатимизга ташриф буюрди.

Туризм ҳам бугунги кунда фаол ривожланаётган икки томонлама муносабатларда алоҳида ўрин тутади. Ҳар йили 20 мингга яқин ўзбекистонлик сайёҳ Таиланддаги курортларда дам олишади. Ўтган йили Ўзбекистонга келган таиландлик сайёҳлар оқими 2018 йилга нисбатан икки баравар кўпайди. Ҳамкор мамлакат туристларини дунёга машҳур Самарқанд, Бухоро ва Хиванинг тарихий ҳамда маданий диққатга сазовор жойлари билан бир қаторда, Термиздаги қадимий будда ҳайкалини зиёрат қилишга таклиф қилинади.

Ўзбекистоннинг Бангкокдаги Бош консулхонаси Таиланддаги буддавий ташкилотлар билан мамлакатимизга зиёратчилар оқимини жалб қилиш бўйича фаол иш олиб бормоқда.

Бунинг натижасида Тошкент билан Бангкок ўртасида тўғридан-тўғри авиарейслар сони ҳафтасига беш мартага кўпайди. Бутунжаҳон Буддистлар ?ттифоқи Президенти П.Палавадхаммо бошчилигидаги делегация 2019 йилда илк бор Ўзбекистонга ташриф буюрди. У Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Термизда бўлди.

Сўнгги бир йилда Таиландда 60 дан ортиқ тадбир бўлиб ўтди, уларда Таиланд сайёҳлик бирлашмалари ва компаниялари томонидан Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти намойиш этилди. Шу билан бирга, Ўзбекистон сайёҳлик агентликларининг Таиланд халқаро сайёҳлик ярмаркасида иштироки ташкил этилди.

Шубҳасиз, ўтган йиллар давомида ўзаро муносабатларда тажриба тўпланди, ҳамкорликда маълум ютуқларга эришилди. Бугунги кунда эса самарали ва ўзаро манфаатли алоқаларни янада ривожлантиришга бўлган интилиш Ўзбекистон ва Таиланднинг мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланиш истагини рўёбга чиқаришга хизмат қилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net