Ўзбекистон – ШҲТ: барқарорлик ва тараққиёт йўлида ҳамкорлик

13.06.2020 10:07

ТОШКЕНТ, 13 июнь /"Дунё" АА/. Ҳар йили 15 июнь санаси “Шанхай ҳамкорлик ташкилоти куни” сифатида нишонланади. Бу йили ушбу тузилма ташкил этилганига 19 йил тўлади.

ШҲТ – энг ёш, шу билан жадал ривожланаётган халқаро ташкилотлардан бири. Нисбатан қисча фурсат ичида у маслаҳатлашув механизми форматидан то тўлақонли халқаро ташкилотгача бўлган “силжиш” йўлини босиб ўтди.

Ташкилотнинг 2017 йилдаги кенгайишидан, яъни Осиёнинг йирик давлатлари – Ҳиндистон ва Покистоннинг аъзоликка қабул қилинишидан сўнг, ШҲТ универсал кун тартибига эга бўлган дунёдаги энг йирик минтақавий ташкилотга айланди. Бугунги кунда у дунё аҳолисининг қарийб ярмига (3 млрд. кишидан зиёд) ва Евроосиё ҳудудининг 60 фоизидан кўпроғига тўғри келадиган маконни ўз ичига қамраб олган. 2019 йил натижаларига кўра ШҲТ мамлакатларининг умумий Я?М миқдори бутунжаҳон Я?Мнинг 20 фоизини ташкил этди.

Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг илдам ривожига салмоқли ҳиссасини қўшган ҳолда, унинг ташкил этилишига тамал тошини қўйган давлатлардан биридир.

“Шанхай бешлиги”дан тўла форматдаги минтақавий ҳамкорлик сари

ШҲТнинг биринчи cаммитида (Шанхай шаҳри, 2001 йил 14-15 июнь) Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Тожикистон, Хитой ва Ўзбекистон hаҳбарлари Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг ташкил этилиши тўғрисидаги Декларацияни имзолаган.

Ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши билан 1990 йилларда чегара ҳудудларда ҳамкорлик ва ишонч чораларини мустаҳкамлаш мақсадида вужудга келган “Шанхай бешлиги”нинг (Россия, ХХР, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон) доимий ишчи органларига эга тўлақонли фаолият юритувчи халқаро ташкилотга айланишидек катта институционал ўзгариш рўй берди. Бу ўз навбатида кенг Евроосиё маконида минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш ҳамда сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда улкан ҳамкорлик салоҳиятига эга бўлган энг йирик минтақавий ташкилотлардан бирига асос солинганлигини англатар эди.

Марказий Осиёда барқарорликни таъминлаш, халқаро терроризм ва экстремизм, гиёҳванд моддаларининг ноқонуний айланиши ҳамда таҳдидларнинг бошқа кўринишларига қарши курашиш ШҲТнинг, айниқса, унинг шаклланиши ва ривожланишининг илк йилларидаги кун тартибида устувор аҳамиятга эга бўлди. ШҲТга аъзо давлатларнинг минтақавий хавфсизликка таҳдидларга қарши кураш ва “уч ёвузлик”ни бартараф этиш йўлида умумий ёндашувларни ишлаб чиқишдаги саъй-ҳаракатларини бирлаштиришда жуда муҳим роль ўйнади. Қароргоҳи Тошкент шаҳрида жойлашган Минтақавий аксилтеррор тузилмасининг (МАТТ) ташкил этилиши ва муваффақиятли фаолият олиб бориши кўп жиҳатдан ушбу мақсадга эришишга ёрдам берди.

ШҲТ ривожланиб борар экан, ҳар йили ўтказиладиган саммитларнинг кун тартиби мунтазам кенгайиб борди – хавфсизликни мустаҳкамлашдан тортиб до сиёсат, хавфсизлик, дипломатия, ташқи савдо, иқтисодиёт, туризм, транспорт, илм-фан, таълим ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантиришни ўзида қамраб оладиган устувор масалаларга қадар.

Бугунги кунда ШҲТ тизимида давлат ва ҳукумат раҳбарлари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари даражасида 30 га яқин низомий органлари, кўптомонлама ҳамкорликнинг 40 га яқин экперт механизмлари мавжуд. ШҲТ доирасида 1350 дан ортиқ ҳужжатлардан иборат мустаҳкам халқаро норматив-ҳуқуқий база яратилган.

Ўтган йиллар давомида ташкилотнинг халқаро нуфузи сезиларли даражада ўсди. Бунга кузатувчи-давлатлар (Афғонистон, Беларусь, Эрон ва Монголия) ва мулоқот бўйича шериклар (Арманистон, Камбоджа, Непал, Озарбайжон, Туркия ва Шри-Ланка) институтларининг жорий этилгани муҳим омил бўлди. Бугунги кунда ШҲТ ўнлаб халқаро ташкилотлар, шу жумладан, БМТ, АСЕАН, МДҲ ва бошқа кўптомонлама тузилмалар билан шериклик алоқаларини йўлга қўйган.

Ўзбекистоннинг ШҲТ тараққиётига қўшган ҳиссаси

Тошкентнинг саъй-ҳаракатлари ҳар доим кўптомонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва ўзаро ишонч, ўзаро маслаҳатлашув, маданиятлар хилма-хиллигига нисбатан ҳурмат ва биргаликда тараққий этиш каби “Шанхай руҳининг” асосий тамойилларини рўёбга чиқаришга қаратилган.

Мамлакатимиз ўзининг ташкилотдаги таъсирини нафақат аъзо-давлатларнинг турли йўналишлардаги ҳамкорлигини кенгайтиришда, балки унинг норматив-ҳуқуқий ва институционал асосларини мустаҳкамлашга йўналтириб келади.

2003-2004 йилларда Ўзбекистоннинг ШҲТга илк бор раислиги даврида Хавфсизлик кенгаши котиблари учрашуви механизми яратилди, “Минтақавий аксилтеррор тузилмасининг Тошкент шаҳридаги жойлашуви тартиби”, “ШҲТ ҳузуридаги кузатувчи мақоми тўғрисидаги Низом” қабул қилинди. Айнан ўша даврда Покистон, Ҳиндистон, Эрон ва Мўғулистон ташкилотга кузатувчи давлат мақомини олди.

2009-2010 йилларда Ўзбекистоннинг ШҲТга иккинчи бора раислиги пайтида ШҲТ фаолияти янги босқичга чиқди. 2010 йил апрелда ШҲТ ва БМТ Котибиятлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги Қўшма декларация имзоланди, Ташкилотда иш юритиш масалаларини тартибга солишда муҳим ҳужжат ҳисобланадиган “ШҲТнинг иш юритиш қоидалари” ва “ШҲТга янги аъзоларни қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланди.

2016 йил 23-24 июнида ШҲТнинг 15 йиллик юбилейига тўғри келган Тошкентда бўлиб ўтган саммити эришилган натижалар кўлами ва аҳамиятига кўра, ҳеч муболағасиз, ташкилот тарихида ўта муҳим воқеа бўлди. Айнан Тошкент саммити якунида кўра Ҳиндистон Республикаси ва Покистон ?слом Республикасининг ШҲТга аъзо давлат мақомини олиш йўлидаги мажбуриятлари тўғрисидаги Меморандумлар имзоланган ва шу билан ташкилотнинг кенгайиш учун йирик қадаб қўйилган эди.

Ўзбекистон ва ШҲТ ҳамкорлиги янги босқичда: конструктивизм, прагматизм ва ташаббускорлик

Тошкентнинг кўпқиррали амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришдаги ташаббускорлиги кейинги йилларда яққол намоён бўлмоқда. ШҲТнинг Остона (2017й.), Циндао (2018й.) ва Бишкек (2019й.) саммитларида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё ва бутун ШҲТ маконининг транспорт-транзит салоҳиятини тўлиқ ишга солиш, туризм соҳасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, инновацион ривожланиш, ёш авлодни қўллаб-қувватлаш, халқ дипломатиясини ШҲТ халқлари ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашда самарали восита сифатида илгари суриш, шунингдек, минтақавий хавфсизликни таъминлашда ҳамкорликни янада кучайтиришга қаратилган қатор ташаббуслар билан чиқди.

Тошкентнинг тузилма фаолиятида иштирокининг жадаллашуви “ШҲТ-Афғонистон” мулоқот гуруҳи ишини қайта тиклаш имконини берди. Ўзбекистон таклифига кўра ташкилот доирасида Тошкентда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази, Темир йўл маъмуриятлари раҳбарлари учрашуви механизми, Самарқанд шаҳрида “?пак йўли” халқаро туризм университети каби янги ҳамкорлик платформалари яратилди, ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг ёшларга қўшма мурожаати, Минтақалараро ҳамкорлик тўғрисидаги дастур, Рақамлаштириш ва ахборот-коммуникацион технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик концепцияси қабул қилинди.

Мамлакатимиз ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида прагматик ва узоқ муддатли ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган ҳамда кенг “ШҲТ макони”ни ривожлантиришнинг улкан салоҳиятини тўлиқ очиб бериш имконини берувчи янги истиқболли йўналишларни илгари суриш тарафдоридир.

Айни пайтда Ўзбекистон шерик мамлакатлар биалан ҳамкорликда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илгари сурилган “Тараққиёт, ўзаро боғлиқлик, самарали иқтисодий ва транспорт коридори бўйича ШҲТга аъзо давлатлар ҳамкорлиги стратегияси”, “ШҲТга аъзо давлатларнинг “ақлли” қишлоқ хўжалиги ва агроинновацияларни тадбиқ этиш соҳасида ҳамкорлик концепцияси”, замонавий ресурсларни тежовчи ва экологик тоза технологияларни кенг тадбиқ этиш мақсадида ШҲТнинг “Яшил белбоғи” дастурини, киберхавфсизликни таъминлаш масалалари бўйича дастурни ишлаб чиқиш юзасидан фаол иш олиб бормоқда.

Кўплаб бошқа халқаро тузилмалар сингари ШҲТ ҳам айрим таҳликалар билан тўқнаш келмоқда. Улар қаторида – ШҲТ географик маконида ва умуман дунёда рўй бераётган туб ўзгаришларга мослашиш лаёқати. Табиийки, коронавирус пандемияси ҳам унинг келгуси кун тартибини шакллантиришга маълум таъсир кўрсатиши аниқ.

Бундай шароитда “Шанхай саккизлиги”нинг фаолиятини янги мазмун-моҳият билан бойитиш, унинг кун тартибини транспорт-транзит йўлакларини яратиш, инновацион ва рақамли тараққиёт, иқтисодий ўсишнинг янги нуқталарини излаш, аъзо давлатларнинг иқлим ўзгаришлари ва экологик хатарларга қарши курашдаги сайъ-ҳаракатларини бирлаштириш каби истиқболли йўналишлар билан кенгайтириш долзарб аҳамият касб этади.

Раҳматулла Нуримбетов,

Ўзбекистоннинг ШҲТ ишлари

бўйича миллий координатори,

“Дунё” АА

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net