Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти Ганновердаги кўргазмада намойиш этилди

04.02.2020 17:07

ГAННОВЕР, 4 февраль. /«ДУНЁ» АА/. Германиянинг Ганновер шаҳрида спорт ва дам олиш буюмлари халқаро кўргазма-ярмаркаси бўлиб ўтди. Унда 800 дан зиёд немис ва чет эл сайёҳлик компанияси, 70 дан ортиқ давлат туроператор, меҳмонхона ва авиакомпаниялари қаторида Ўзбекистон вакиллари ҳам иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

«ABF» туристик ярмаркаси Марказий Европадаги энг йирик халқаро сайёҳлик тадбирларидан бири ҳисобланади. Беш кун давом этган бу йилги кўргазмада 100 мингдан ортиқ киши ташриф буюрди. Уларнинг чорак қисмига яқини туризм соҳаси мутахассисларидир.

Ярмаркада анъанавий спорт анжомлари, автомобиллар, кўчма тиркамали вагонлар, қайиқлар, сув спорти воситалари ва туризм учун совғалар намойиш этилди.

Тадбирда, шунингдек, иштирокчиларни турли халқлар маданияти, урф-одатлари билан яқиндан таништиришга қаратилган тематик тадбир, семинар, маърузалар ташкил қилинди, кўнгилочар дастурлар ўтказилди. Дунё мамлакатлари сайёҳлик салоҳияти, имкониятларини очиб беришга қаратилган тарқатма материал, қўлланма, буклет ва видеофильмлар тарқатилди.

Бу галги ярмарка "Мафтункор Осиё" шиори остида ўтказилди ва қитъанинг диққатга сазовор жойлари бўйлаб сайёҳлик йўналишлари ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилди.

Кўргазмада «Doca Tours», «Geograf Exkursionen» каби йирик маҳаллий ва хорижий сайёҳлик компаниялари томонидан Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти кенг тарғиб қилинди. Мингдан зиёд иштирокчи Ўзбекистонга бағишлаб ташкил этилган стендлар билан танишди. Мамлакатимиз туризм имкониятлари, бой тарихи, маданий ва меъморий мероси, бетакрор ва диққатга сазовор жойлар, халқ амалий санъати анъаналарига оид видеороликлар намойиш этилди.

Тақдимотларда Ўзбекистонда экологик, зиёрат, соғломлаштириш, фольклор-этнографик, тарихий-меъморий, маданий-маърифий, гастрономик, чанғи спорти ва туризмнинг бошқа йўналишлари ривожланиб бораётгани таъкидланди.

Мамлакатимизда Германия фуқаролари учун 2019 йил 15 январдан визасиз тартиб жорий этилгани, ички туризм индустриясининг янги имкониятлари тўғрисидаги маълумотлар ташриф буюрувчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net