Ўзбекистон Россия туризм форумида ҳамкор давлат сифатида иштирок этади

03.08.2022 12:22

4-7 август кунлари Москвадаги Халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмаси – “ВДНХ” саноат майдонида бўлиб ўтадиган “Саёҳат қил!” («Путешествуй!») туризм форумида ҳамкор давлат сифатида Ўзбекистон ҳам иштирок этади.

“Росконгресс” жамғармаси томонидан Туризм федерал агентлиги ва “ВДНХ” ҳамкорлигида ташкил этилаётган мазкур тадбир Рус география жамияти ва Россия туроператорлари ассоциацияси кўмагида ўтказиляпти.

Маълумотга кўра, 2022 йил март ойида туристлар оқимини биргаликда тезлаштириш бўйича ҳаракат режаси имзоланган. Хусусан, Россия ва Ўзбекистонда Туризм йилини ўтказиш, “Буюк ипак йўли” сайёҳлик йўналишини ривожлантириш ва бошқа кўплаб тадбирлар ўтказиш режалаштирилган.

— Ҳамкор давлат сифатида Ўзбекистон танлангани форум ташкилотчилари учун айни муддао, — деди Росконгресс жамғармаси директори ўринбосари Владимир Затинайко. — Бой тарихга, қадимий меъморий обидаларга бой бу мамлакат сўнгги йилларда халқаро майдонда ҳақли равишда эътироф этилмоқда. Форум меҳмонлари республиканинг диққатга сазовор жойлари, сайёҳлик йўналишлари ва инфратузилмаси билан яқиндан танишадилар. Бундан ташқари, улар Тошкентнинг энг яхши ошпазлари томонидан тайёрланган паловни татиб кўриш имконига эга бўладилар.

Форумда Туризм ва маданий мерос вазирлиги, “Milliy PR-markazi” DUK, “Uzbekistan Airways” Миллий авиакомпанияси, “Oʻzsharobsanoat” АЖ вакилларидан иборат делегация туризм соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари ва ҳунармандлар билан бирга иккита - бизнес-стенд ҳамда мамлакатимиз туризм салоҳияти ва маданиятига бағишланган алоҳида стенд тақдим этади.

55-айвонда жойлашадиган бизнес-стендда юртимизнинг янги манзиллари ва сайёҳлик йўналишлари намойиш этилади. Шунингдек, “?пак йўли” халқаро туризм ва маданий мерос университети вакиллари мазкур ўқув юртида таълим олиш имконияти ҳақида сўз юритади. 2-стенд 55-айвонга туташ жойлашади.

Бу ерда Ўзбекистон делегацияси томонидан ҳунармандлар ишлари, ўзбек миллий таомлари, сайёҳликнинг турли кўринишлари ҳақида маълумот берилади. Шу билан бирга Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган шароблар дегустацияси (татиб кўриш маросими) ва ҳунармандлик буюмлари тайёрлаш бўйича маҳорат дарслари ташкил этилади.

Анжуман доирасида Россия Федерацияси давлат ташкилотлари вакиллари билан музокара ўтказиш, Россия туризм саноати субъектлари билан В2В форматида учрашув ташкил этиш, ялпи муҳокама ва конференцияда иштирок этиш ҳам режалаштирилган.

ЎзА

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net