Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови якунлари Ҳиндистон матбуоти нигоҳида

26.10.2021 17:49

ДЕҲЛ?, 26 октябрь. /«Дунё» АА/.  Ҳиндистоннинг “Diplomаtist” журнали веб-саҳифасида 24 октябрь куни Ўзбекистонда ўтказилган Президент сайлови якунларига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада 25 октябрь куни Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг дастлабки натижаларини эълон қилгани ҳақида маълумот берилган.

Муаллиф Президент сайловида Шавкат Мирзиёев сайловда қатнашганлар умумий сонининг 80,1 фоиз овозини тўплаб, ғалаба қозонгани эълон қилингани, шу муносабат билан Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Тошкент шаҳридаги “Humo Arena” мажмуасида тадбир ўтказилгани ҳақида сўз юритган.

“Бу натижа Ўзбекистон халқининг ўз ҳаётида сезган ижобий ўзгаришлар ва келажакка ишонч учун берилган овозларнинг яққол исботи дейиш мумкин”, - дея таъкидлайди “Diplomаtist” нашри.

Мақолада, шунингдек, Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида сўнгги беш йилда Ўзбекистонда амалга оширилган кенг миқёсли ислоҳотларнинг натижаларига алоҳида эътибор қаратилган. “Мамлакат иқтисодиёти 24 фоизга, саноат 34 фоиз, экспорт ҳажми 1,5 баробарга, хорижий инвестициялар ҳажми эса 3 баробарга ошди. Ялпи ички маҳсулот 60 миллиард долларга етди. Ўртача ойлик иш ҳақи 2,2 баробарга кўпайди”.

Муаллиф бу йилги сайлов илк бор Сайлов кодекси асосида, демократик руҳда, очиқ-ошкора ўтганини таъкидлаган.

Шавкат Мирзиёев Президент сайловида бошқа сиёсий партиялардан илгари сурилган номзодларга миннатдорлик билдиргани ҳам хабар қилинган. Нашр давлатимиз раҳбарининг “Уларнинг ҳам нияти – Ўзбекистонни ривожлантириш. Шунинг учун уларнинг дастуридаги халқимизга маъқул таклифларни албатта инобатга оламиз. Биз кеча рақобат қилган бўлсак, энди бир мушт бўлиб, ҳаракат қилишимиз керак. Мен халқимизнинг юксак ишончини оқлаш, орзу-умидларини ушалтириш, фаровон ҳаётини таъминлаш учун бор куч-ғайратим ва салоҳиятимни сарфлашга ваъда бераман. Янги Ўзбекистонни ҳаммамиз биргаликда қурамиз”, деган сўзларини келтирган.

Марказий сайлов комиссияси маълумотига таяниб таъкидланишича, якшанба куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида жами 16,21 миллион киши иштирок этди. Бу сайловчилар умумий сонининг 80,4 фоизини ташкил этади.

Ўзбекистон Президенти сайловини МДҲ, ШҲТ, ?ҲТ, ЕҲҲТ ва бошқа қатор халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлардан келган кузатувчилар кузатиб борди. Хусусан, Ҳиндистон Сайлов комиссияси раиси бошчилигидаги делегация сайлов жараёнларини кузатиш учун Ўзбекистонга ташриф буюрди.

“25 октябрь куни сайловнинг дастлабки натижалари эълон қилингач, Россия, Туркия, Қозоғистон, Беларусь, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон ва бошқа қатор давлатлар раҳбарлари телефон орқали Шавкат Мирзиёевни сайловдаги ғалабаси билан табриклади.

Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди ҳам Президент Шавкат Мирзиёевни ғалаба билан табриклади ва унинг янги муддатдаги фаолиятида ҳам Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шериклик алоқалари янада мустаҳкамланишига ишонч билдирди”, - деб ёзади “Diplomаtist” журнали.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net