Ўзбекистон Президенти жазо муддатини ўтаётган 215 кишига нисбатан афв эълон қилди

28.08.2021 16:09

ТОШКЕНТ, 28 август. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев энг азиз умуммиллий байрамимиз – Ватанимиз мустақиллиги эълон қилинганининг ўттиз йиллигини нишонлаш арафасида давлатимиз томонидан олиб борилаётган гуманистик сиёсатнинг амалий тасдиғи сифатида «Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида»ги фармонни имзолади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан содир этган жинояти учун жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 215 нафар шахс афв этилди.

Афв этилганларнинг 3 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилди, 127 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 12 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 73 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.

Бошқача айтганда, 142 нафар маҳкум жазо муассасасидан чиқиб, оиласи бағрига қайтади. Яна бир кишининг жазоси озодликни чеклаш жазосига ўзгартирилган. Афв этилган фуқаролардан 14 нафари – аёллар, 12 нафари – 60 ёшдан ошган шахслар, 69 нафари – хориж фуқаролари, 15 нафари – тақиқланган ташкилотлар фаолиятида иштирок этган шахслар.

Афв этилган шахслар оиласи ва яқинлари бағрига қайтиб, ижтимоий ҳаётга мослашиши, фойдали меҳнат билан шуғулланиши, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишида уларга кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.

Маълумот учун, бу – жорий йилда давлатимиз раҳбари томонидан эълон қилинган учинчи афв ҳисобланади. Бунгача Президент Шавкат Мирзиёев Рамазон ҳайити арафасида 100 нафар, Наврўз байрами арафасида 140 маҳкумни афв этганди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net