Ўзбекистон-Покистон: Ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги тарихий босқичи

03.03.2022 14:52

ТОШКЕНТ, 3 март. /“Дунё” АА/. Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Покистон ?слом Республикасига давлат ташрифи бошланади. Ушбу муҳим сиёсий воқеа олдидан мамлакатимизнинг Покистон билан ўзаро муносабатларига оид муҳим маълумот ва фикр-мулоҳазаларни  ўқувчилар билан ўртоқлашиш, шубҳасиз, мақсадга мувофиқ бўлади.

Салкам 227 миллион нуфусга эга бўлган Покистон жаҳонда аҳолисининг сони бўйича бешинчи, мусулмон аҳолининг сони жиҳатидан эса иккинчи ўринда туради. Шарқда Ҳиндистон, ғарбда Афғонистон ва Эрон, шимолда Хитой билан чегарадош, жануби эса Араб денгизи билан ўралган мамлакат бугунги кунда XXI асрда дунёнинг энг йирик иқтисодиётларидан бирига эгалик қилиши учун улкан салоҳияти мавжуд бўлган ўн бир давлат қаторидан жой олган.

Покистон ўзининг улкан ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-гуманитар салоҳияти, инсон ресурслари, қулай геосиёсий жойлашуви ҳамда юритаётган вазмин ташқи сиёсати туфайли ҳозирги пайтда минтақавий сиёсий ҳаётда, муҳим халқаро муаммоларнинг ҳал этилишида етакчи мамлакатлардан бири бўлиб турибди.

Ўзбекистон – Покистон муносабатларининг ҳозирги ҳолати ва истиқболларига тўхталар эканмиз, энг аввало, мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро алоқалар барча йўналишларда тобора мустаҳкамланиб бораётганини  алоҳида таъкидлаш жоиз.
Покистон билан кўп қиррали ўзаро манфаатли ҳамкорликни ҳар томонлама кенгайтириш Ўзбекистон манфаатларига мос келади. Айни пайтда бу ҳамкорлик ўз ривожланишининг янги тарихий босқичида турибди.

Дарҳақиқат, мамлакатларимиз ўртасидаги самарали мулоқотнинг ўрнатилиши ва мустаҳкамланишининг замирида тарихий зарурат турганини кўриш қийин эмас. Мозийга назар ташлар эканмиз, ўзбек халқининг буюк фарзанди Заҳириддин Муҳаммад Бобур XVI асрда бугунги Покистон, Ҳиндистон, Бангладеш ва Афғонистоннинг жануби-шарқий ҳудудида қудратли салтанатга асос солганини ва бу халқларимиз ўртасидаги маданий ва маънавий муштаракликнинг ривож топишига кўмаклашгани аён бўлади. Ўша даврнинг маданий-тарихий ва илмий мероси келажак авлодлар учун абадул абад бебаҳо бойлик бўлиб қолиши тайин.

Бугунги кунда Ўзбекистон ва Покистон пойтахтларида икки давлат элчихоналари фаолият кўрсатмоқда. Улар 1992 йил май ойида ўрнатилган ўзаро муносабатларнинг изчил ривожланиши учун кўмаклашишга даъват этилган. Ҳар икки мамлакат парламентларида дўстлик гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилган.

Жанубий Осиё минтақасининг ушбу муҳим мамлакати билан Ўзбекистоннинг сиёсий мулоқоти турли даражаларда мунтазамлик моҳиятига эга бўлгани баробарида вақт ўтган сайин янада ўсувчанлик мазмунини касб этиб бормоқда.

2017–2018 йиллар давомида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг халқаро тадбирлар доирасида (ШҲТ ва ?слом ҳамкорлик ташкилоти) Покистон раҳбарлари билан учрашувлари, 2019 йил апрель ойида Пекинда ўтказилган «Бир макон, бир йўл» халқаро форумида ва июнь ойида Бишкекда бўлиб ўтган ШҲТ давлат раҳбарлари йиғилиши доирасида Покистон Бош вазири ?мрон Хон билан учрашгани юқоридаги фикрни тасдиқлайди.

Шу ўринда 2021 йил 14 апрель куни Ўзбекистон Президенти ва Покистон Бош вазири ?мрон Хон ўртасида бўлиб ўтган виртуал саммитга алоҳида тўхталиш жоиз. Ушбу саммит кун тартибидан кўп қиррали Ўзбекистон-Покистон шериклигининг долзарб масалалари, шу жумладан, конструктив сиёсий мулоқотни ривожлантириш, савдо, инвестициялар, транспорт ва транзит соҳаларидаги амалий ҳамкорлик, ҳудудлар ўртасидаги алмашинувларни кенгайтириш, маданий-гуманитар ҳамкорлик дастурларини илгари суриш масалалари ўрин олди. Ҳар доимгидек очиқ, амалий ва дўстона руҳда ўтган мазкур саммит якунида Қўшма баёнот қабул қилинди ҳамда стандартлаштириш ва метрология, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда қатор муҳим ҳужжатлар имзоланди.

Алоҳида қайд этиш жоизки, кейинги йилларда рўй бераётган олий ва юқори даражадаги мунтазам мулоқотлар икки томонлама муносабатларнинг жадал равнақига, уларни аниқ мазмун билан бойитишга хизмат қилмоқда.

Ўтган йил июль ойида мамлакатимиз пойтахтида бўлиб ўтган юқори даражадаги “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдид ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро анжуманда Покистон Бош вазири ?мрон Хон ҳам иштирок этди. ?мрон Хон ўз нутқида “Президент Шавкат Мирзиёевнинг анжуманни ўтказиш тўғрисидаги ташаббуси ўз вақтида илгари сурилган ўта муҳим ташаббус бўлди. Мазкур анжуман барча ўзаро алоқаларни, Марказий Осиё ва унинг ташқарисида қачонлардир нафақат товар айирбошлаш, балки фикр-мулоҳазалар, билимлар билан ўртоқлашишга ёрдам берган ўша қадимий ?пак йўлини тиклаш учун янги имкониятлар эшигини очади”, - дея таъкидлаган эди.

2021 йил 15-16 июль кунлари ?мрон Хоннинг Ўзбекистонга амалга оширилган расмий ташрифи доирасида “Ўзбекистон Республикаси билан Покистон ?слом Республикаси ўртасида Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги Қўшма декларация” имзолангани икки томонлама муносабатлардаги ўта муҳим воқеалардан бири ҳисобланади.

2021 йил 16-17 сентябрь кунлари Душанбеда бўлиб ўтган ШҲТ давлат раҳбарлари саммити доирасида Ўзбекистон Президентининг Покистон Бош вазири билан учрашди. Мамлакатларимиз раҳбарларининг телефон орқали мулоқотлари ҳам мунтазамлик касб этган.

2021 йил 28 ноябрь куни Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган ?ҲТ саммити тадбирлари доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Покистон Президенти Ориф Алви учрашди.

2022 йил 5 февраль куни Пекин шаҳрида Қишки олимпия ўйинлари очилиш маросими доирасида ҳам Ўзбекистон Президентининг Покистон Бош вазири билан навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди.

Шунингдек, икки давлат ташқи сиёсат маҳкамалари ўртасида ташқи ишлар вазирлари ва уларнинг ўринбосарлари даражасида сиёсий маслаҳатлашувлар мунтазам равишда ўтказилмоқда. Жорий йил 28 февраль куни сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги 7-йиғилиши бўлиб ўтди.

Яна бир муҳим жиҳат: ҳар икки мамлакат бир-бирини халқаро майдонда қўллаб-қувватламоқда, БМТ, ШҲТ, ?слом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида фаол ҳамкорлик қилмоқда.

Ўзбекистон – Покистон муносабатларининг изчил ривожланаётгани мамлакатларимиз манфаатларига мос келибгина қолмасдан, бутун минтақада хавфсизлик мустаҳкамланишига, савдо-иқтисодий, коммуникация ва гуманитар алоқаларнинг ривожланишига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Ҳар икки мамлакат ўзларига қўшни бўлган Афғонистонда тинчлик ва хавфсизлик ўрнатилиши минтақада барқарорлик ва фаровонликни таъминлаши юзасидан якдил фикрда. Ўзбекистон ҳам, Покистон ҳам Афғонистонда юзага келган сиёсий-иқтисодий ва гуманитар вазиятни ҳисобга олган ҳолда жаҳон ҳамжамиятини бу мамлакатга инсонпарварлик ёрдами кўрсатилишини кучайтиришга чақирмоқда.

Бугунги кунда Тошкент ва ?сломобод ҳар уч мамлакат манфаатларига жавоб берадиган қўшма иқтисодий ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан Кобул билан фаол ҳамкорлик қилмоқда. Ана шулардан бири «Мозори-Шариф-Кобул-Пешовар» трансафғон темир йўли қурилиши лойиҳасидир. Дастлабки маълумотларга кўра, мазкур темир йўл ишга туширилганидан кейин дастлабки йилларда бу йўналиш бўйича юк ташиш ҳажми 10 миллион тоннага етиши мумкин. Ўзбекистонлик ва хорижлик сиёсатчи ва экспертлар ушбу лойиҳани “аср воқеаси” деб аташаётгани ҳам бежиз эмас.

Юқорида қайд этилганидек, ўтган йил февраль ойида Тошкентда Ўзбекистон, Покистон ва Афғонистон делегациялари, шунингдек, халқаро молия институтлари вакиллари иштирокида бўлиб ўтган учрашувда мазкур лойиҳа атрофлича муҳокама этилди. Унинг якунлари бўйича бу йўналишдаги қўшма Ҳаракатлар режаси тасдиқланди.

Ўз-ўзидан аёнки, мамлакатларимиз ўртасида тўғридан-тўғри транспорт йўлакларининг қурилиши ўзаро савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтиришга кўмаклашади. Шу ўринда қуйидаги рақамларни қайд этиш ўринлидир: 2021 йилда ўзаро савдо ҳажми 181,4 миллион долларни ташкил этди. Экспорт – 129,9 млн доллар (3,1 марта ошган), импорт – 51,5 млн доллар (3,6 марта ошган). Охирги беш йилда ушбу кўрсаткичлар 5 баробарга  ошгани диққатга сазовордир.

Яна бир муҳим жиҳат: ўзаро иқтисодий ҳамкорликда янги “ўсиш нуқта”лари юзага келмоқда. Ҳозирги пайтда Ўзбекистонда Покистон сармояси иштирокида тузилган 174 та корхона фаолият кўрсатмоқда. Биргина 2021 йилнинг ўзида 43 та ана шундай корхона ташкил этилди. Бу кўрсаткич беш йилда 3,2 бараварга ошган. Улар савдо, енгил саноат, қоғоз ишлаб чиқариш, чарм-галантерея буюмлари ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳаларида муваффақият билан фаолият кўрсатмоқда.

2021 йил 1-3 ноябрь кунлари Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудовнинг Покистонга ташрифи мобайнида “Торхам” халқаро чегара постида ўзбек экспорт маҳсулотларидан таркиб топган савдо карвонининг Покистонга кириши маросими бўлиб ўтди.

Савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро қўшма комиссия ҳамда Қўшма ?шбилармонлик кенгаши икки томонлама ҳамкорлик масалаларини ҳал этишда самарали механизм сифатида хизмат қилмоқда. Жорий йил 1-2 март кунлари ?сломобод шаҳрида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ўтказилди.

Кейинги йилларда олий ва юқори даражадаги мунтазам мулоқотлар том маънода икки томонлама муносабатларнинг жадал ривожланишига, уларни аниқ мазмун билан бойитишга хизмат қилмоқда. Ҳудудлар ўртасида ҳам ўзаро шериклик алоқалари йўлга қўйилмоқда. Хусусан, 2021 йилнинг февраль ойида Панжоб провинцияси губернатори Муҳаммад Сарвар раҳбарлигидаги ишбилармонлик миссиясининг Наманган вилоятига ташрифи муваффақиятли ўтди. Томонлар Наманган вилояти ва Панжоб провинцияси ўртасида биродарлик муносабатларини ўрнатиш тўғрисимдаги битимни имзолади. Шунингдек, биринчи “Наманган - Панжоб” минтақавий бизнес форуми, “B2G” ва “В2В” шаклларидаги музокаралар бўлиб ўтди.

Ўтган ойнинг иккинчи ярмида Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ?сломободга ташриф чоғида Покистон Бош вазири ?мрон Хон билан учрашди. Мулоқот чоғида томонлар Ўзбекистон-Покистон ҳамкорлигининг сермазмун кун тартибини муҳокама қилиб, инвестициявий, савдо-иқтисодий, транспорт ва логистика ҳамкорлигини янада кучайтириш чора-тадбирлари, шу жумладан, Термиз ва Пешовар шаҳарлари, шунингдек, Сурхондарё вилояти ва Хайбер-Пахтунхва провинцияси ўртасида икки томонлама алоқаларни ўрнатиш истиқболлари юзасидан фикр алмашди.

Шунингдек, мамлакатимиз ҳукумати делегацияси аъзолари Ўзбекистон ва Покистоннинг асосий вазирлик ва идоралари раҳбарларининг кенгайтирилган йиғилишида иштирок этиб, Покистон Бош вазирининг савдо ва инвестициялар бўйича маслаҳатчиси Абдул Раззоқ Довуд, Покистон Штаб бошлиқларининг бирлашган қўмитаси раиси генерал Надим Раза билан ҳам учрашди. Ушбу ташриф доирасида ?сломободда Покистоннинг етакчи компаниялари вакиллари билан давра суҳбати ҳам бўлиб ўтди.  

Яна бир муҳим далил: 2021 йил мамлакатларимиз ўртасидаги темир йўл транспортида ташилган юклар 55 фоизга кўпайди, экспорт 3,7, импорт эса 2 мартага ошди. Покистондан Ўзбекистон орқали транзитнинг ҳажми эса 34 фоизга ортди. Шунингдек, ўтган йили автоташувлар 1,8 марта, экспорт 14 фоизга, импорт – 4,2 мартага ошган.

Худди шунингдек, ҳаво ташувларида ҳам ижобий тамойиллар кузатилмоқда. 2021 йил 16 июндан Покистоннинг “PIA” авиакомпанияси чартер парвозларни амалга оширишни бошлади. 2 июлдан “Uzbekistan Airways” АЖ томонидан “Тошкент-Лаҳор-Тошкент” йўналишида ҳафтасига бир маротаба парвозлар қайта тикланди.

Юқорида баён этилгани сингари мамлакатларимиз ўртасида маданий-гуманитар йўналишдаги муносабатлар ҳам изчил ривожланмоқда. Ўзбекистон ва Покистон халқларининг тарихан қарор топган алоқалари ҳамда муштарак маънавий қадриятларимиз бунга мустаҳкам замин бўлмоқда.

Мамлакатимизда 1991 йилдан буён “Ўзбекистон-Покистон” дўстлик жамияти муваффақиятли фаолият кўрсатиб келмоқда. Жамият мунтазам равишда маданий ва илмий тадбирлар, олимлар ва маданият арбоблари делегацияларининг алмашувларини амалга оширмоқда.

Тошкент давлат шарқшунослик университети (ТДШУ) ўқитувчиси Раҳмонберди  Муҳаммаджонов Алишер Навоий ғазалларини урду тилига таржима қилиб, уларнинг Покистонда нашр этилишидаги хизматлари учун Покистон Президентининг “Ҳусне Кар Кардаги” (“Яхши натижалар”) мукофоти билан тақдирланди. Покистонлик олим Билол Ўғуз Навоийнинг “Муҳокаматул-Луғатайн” асарини урду тилига ўгирди.

2003 йилда ТДШУ ўқитувчиси Тошмирза Холмирзаев томонидан тузилган биринчи “Урду-ўзбекча луғат” Покистонда чоп этилди. Урду тилини тарғиб қилишда эришган катта муваффақиятлари учун у Покистоннинг “Ситораи имтияз” (“Камолот юлдузи”) ордени билан мукофотланди. Ушбу университет ўқитувчиси Ансориддин ?броҳимов эса «Ўзбек-урду тилларидаги муштарак сўзлар луғати»ни тайёрлаб нашр эттирди.

2009 йил март ойида Тошкент давлат шарқшунослик университетида Урду тили ва адабиёти хонаси ташкил этилди. 2021 йил февралда Панжоб университетида Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 538 йиллиги муносабати билан Бобур мероси маркази, Пешовар университетида Навоийнинг 580 йиллиги муносабати билан Алишер Навоий маркази ташкил этилди.

2021 йил декабрь ойида Бобур ҳаётига бағишланган бадиий фильмни суратга олиш бўйича икки томонлама ишчи гуруҳларнинг онлайн-мулоқоти бўлиб ўтди. Кўп қисмли фильм бўйича Покистон томонининг таклифлари кўриб чиқилди. Ушбу масала юзасидан Ўзбекистон тақдимотини ўтказиш учун навбатдаги онлайн-тадбирни ўтказиш юзасидан келишув мавжуд.

Бу йўналишдаги эътиборга молик ҳамкорликка оид яна бошқа кўплаб мисолларни келтириш мумкин.

Ўзбекистоннинг Покистон билан сайёҳлик соҳасидаги алоқалари ҳам тобора равнақ топаётир. 2021 йилда 10 минг 740 нафардан ортиқ покистонлик Ўзбекистонга келди. 2019 йил март ойида ?сломободда Ўзбекистон туризми ахборот маркази очилган эди. Покистонда 2020 йилнинг сентябридан буён Нақшбандия тариқатининг намояндаси Ҳасиб ур-Раҳмон Ўзбекистон зиёрат туризмининг Покистондаги элчиси сифатида фаолият кўрсатмоқда. Яқинда таниқли тадбиркор Роҳайл ?слом Ўзбекистоннинг Покистондаги туризм элчиси этиб тайинланди.

Юқорида баён этилган далил ва рақамлар таҳлилидан келиб чиққан ҳолда комил ишонч билан айтиш мумкинки, мамлакатимиз раҳбарининг Покистонга давлат ташрифи сўнгги йиллар давомидаги олий ва юқори даражадаги мунтазам муносабатларнинг мантиқий давоми бўлади. Бу ташриф икки томонлама алоқалар ривожига янги туртки бағишлаб ўзаро муносабатлар солномасида янги саҳифани очади.
 

Шуҳрат Умиров,

“Дунё” АА шарҳловчиси.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net