Ўзбекистон «Oriental Fashion Show» халқаро кўргазмасида илк бор иштирок этди

30.01.2020 10:06

ПAР?Ж, 30 январь. /"Дунё" АА/. Парижда мода оламидаги нуфузли тадбир – «Oriental Fashion Show» кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда Озарбайжон, Жазоир, Буюк Британия, ?талия, Қозоғистон, Кувайт, Малайзия, Марокаш, Саудия Aрабистони, Тожикистон, Тунис, Туркия ва Франциядан 20 нафар дизайнерлар иштирок этди. Бу ҳақда  "Дунё" АA мухбири хабар берди.

«Oriental Fashion Show» – Шарқ мода олами ва тикувчилик салоҳиятига бағишланган дунёдаги илк халқаро тадбирдир. Бу дизайнерларга халқаро миқёсда шуҳрат қозониш, шунингдек, мижозлар кўламини кенгайтириш имконини беради. Мазкур тадбир Парижда 2004 йилдан буён ўтказиб келинади. Унда шу кунга қадар 50 мамлакатдан 100 дан ортиқ дизайнерлар тўпламлари тақдим этилган. Лондон, Милан, Нью-Йорк, Москва, Санкт-Петербург, ?станбул, Боку, Ал-Кувайт, Доха, Сафи, Дубай, Олмаота каби шаҳарлар ушбу кўргазмалар тадбирларига мезбонлик қилган.

«Route De La Soie Et Al-Andalus» (Буюк ипак йўли ва Aндалус) уюшмаси ушуб йирик тадбир ташкилотчиси ҳисобланади ва тадбир Шарқ мамлакатлари дизайнерлари коллекцияларини дунё бозорига олиб киришга қаратилган.

Ўзбекистон бу йил «Oriental Fashion Show»да илк бор иштирок этди. Хусусан, унда «Art by Sofia» бренди остида иштирок этган дизайнер София Aшур ўз ижод намуналарини тақдим этди. У яратган андозалар Европа жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотди. Тадбирдаги муваффақиятли иштироки учун «Art by Sofia» бренди тақдирланди.

Тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Республикасининг Франциядаги элчиси Сардор Рустамбоев сўзга чиқди ва меҳмонларга ўзбек маданияти шарқона моданинг шаклланиши ва ривожланишида алоҳида ўрин тутиши ҳақида гапириб берди.

Тадбирда Ўзбекистон Буюк ипак йўли шаклланиши ва ривожланишида муҳим роль ўйнагани, маданиятлар кесишга чорраҳада жойлашган диёримиз либослари эса ўзида Шарқ ва Ғарб анъаналарини акс эттирган ҳолда ривожлангани қайд этилди. Сўнгги йилларда жаҳон мода саноатининг таниқли вакиллари ўзбек миллий матоларидан эксклюзив маҳсулотлар ишлаб чиқаришда фойдаланмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистонда ёшларнинг либослар бичимига бўлган қизиқиши ортиб бораётгани, юқори сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган хусусий тикув хизматлари ташкил этилаётгани қайд этилди. Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти қошида Париж халқаро мода академиясининг қўшма факультети иш бошлагани маҳаллий мутахассислар тайёрлашда муҳим қадам экани таъкидланди.

Тадбирда Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси томонидан мамлакатимиз мода олами, маданияти ва анъанавий матолари ҳақида махсус видеофилм намойиш этилди.

 Халқаро кўргазмада иштирок этган «Дунё» АА мухбири «Oriental Fashion Show»нинг айрим иштирокчилари ва ташкилотчилари билан суҳбатлашди.

Ҳинд ЖУДАР, «Route De La Soie Et Al-Andalus» уюшмаси президенти, «Oriental Fashion Show» ташкилотчиси:

– Бугун ажойиб воқеликка гувоҳмиз – Ўзбекистон биринчи марта «Oriental Fashion Show»да иштирок этмоқда. ?лк қадам ижобий баҳоланмоқда, мамлакатингиз вакили жуда қизиқарли ва чиройли тўпламни тақдим этди.

Мамлакатингизнинг Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарларида бўлганман. Саёҳат давомида халқингизнинг бой маданияти ва бетакрор урф-одатлари менда катта таассурот қолдирган. Ўзбек либослари ўзининг шарқона услуби, матоси ва дизайни, гўзаллиги ва сифати билан ажралиб туради. Менинг орзуйим – Шарқ гавҳари – Самарқандда «Oriental Fashion Show» намойишларини ташкил этишдир.

София AШУР, «Art by Sofia» тўплами муаллифи:

– Бундан олдин Қозоғистон, Озарбайжон, Тожикистон ва Москвада ўтказилган «Fashion week» ҳафталигида иштирок этганман. Бу эса Европадаги йирик тадбирларда биринчи бор қатнашишим. Мазкур тадбирда ўзим яратган уйғониш даври тўпламини тақдим этдим.

Бугунги кунда Ўзбекистонда мода тез ривожланмоқда. Мамлакатимизда «Uzbekistan fashion week» ва «Tashkent Fashion week» ҳафталиклари мунтазам ўтказилади. Париждаги мода тадбирида Ўзбекистон номидан қатнашаётганим мен учун шараф.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net