Ўзбекистон ноширлари Минскдаги 28-халқаро китоб кўргазма-ярмаркасида иштирок этди

23.02.2021 15:43

ТОШКЕНТ, 23 февраль. /«Дунё» АА/. Жорий йил 18-21 февраль кунлари Беларусда «Китоб инсонлар ва мамлакатларни бирлаштиради» шиори остида 28-Минск халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

 Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташаббуси билан ушбу нуфузли тадбирда ўзбек ноширларининг иштироки ҳам таъминланди.

2021 йилда  Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ташкил топганига 30 йил тўлади. Шу муносабат билан, МДҲ мавзуси бу йилги Минск халқаро китоб кўргазма-ярмаркасининг марказий экспонанти, деб эълон қилинди

Кўргазманинг марказий экпозицияси «Ягона умумий уй» тарзида рамзий жиҳозланди. Хусусан, «Меҳмонхона» экспонатида МДҲга аъзо мамлакатларининг «Китоб санъати» халқаро танлови Гран-при соҳиблари томонидан тақдим этилган китоблар жой олди. «Ёзувчи кабинети» хонасида эса МДҲ таркибидаги барча давлатларнинг энг сара бадиий китоблари жой олди. Шунингдек, «Болалар хонаси», «Ошхона» ва шунга ўхшаш қатор «тимсолли» бўлимлар ўз йўналиши бўйича иштирокчи давлатларнинг нодир асарларини тақдим этди.

Халқаро кўргазма-ярмарка доирасида, шунингдек, илк марта давлат нашриётлари томонидан LitUp адабий стартапда ғолиб бўлган асарларни чоп этиш мақсадида лойиҳалар танлови ҳам ўтказилди.

 Пандемия шароитига қарамай, санитария-гигиена қоидаларига амал қилган ҳолда ташкиллаштирилган халқаро китоб кўргазма-ярмаркасида 20 давлатдан 281 экспонат иштирок этгани унинг нуфузи ортиб бораётганидан дарак бермоқда. Жумладан, мамлакатимизнинг Ғафур Ғулом номли, «Ўзбекистон», «Ўқитувчи», «Янги аср авлоди» каби етакчи нашриётлари вакиллари тарихий, илмий, публицистик, адабий-бадиий жанрларга оид сара китоблар жамланмаларини тақдим этди.

 Таъкидлаш жоизки, ноширлик ва матбаа соҳаси маданиятини намоён этувчи ушбу халқаро китоб кўргазма-ярмаркасида ўзбек ноширларининг ишлари  муносиб баҳоланди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net